Бойсунда зиплайн ўртасида фуқаро тўхтаб қолди

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида жойлашган зиплайн аттракционидан фойдаланиш вақтида нохуш ҳолат қайд этилди. Аттракционда учаётган фуқаро ҳаракатнинг ўрта қисмида тўхтаб қолган. Бу ҳақда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси матбуот хизмати расман маълум қилди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 27 июнь куни соат 09:30 атрофида Бойсун туманидаги “Омонхона” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Хонжиза Сити” МЧЖ тасарруфидаги зиплайнда содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур аттракцион техник жиҳатдан тўлиқ ишга туширилмаган бўлишига қарамасдан, фуқаро ундан синов тариқасида фойдаланишга уринган.
Қўмита маълумотида таъкидланишича, аттракцион белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилмаган, шунингдек, уни эксплуатация қилиш учун зарур бўлган тегишли рухсатнома ҳам расмийлаштирилмаган. Шунга қарамай, унда синов учиши амалга оширилган.
Дастлабки ўрганишлар давомида маълум бўлишича, дор йўлининг пўлат арқонлари техник меъёрлар талаб қилган даражада таранг тортилмаган. Шунингдек, трассанинг қиялик бурчаги ҳам белгиланган стандартларга мос келмаган. Ана шу омиллар туфайли фуқаро ҳаракат йўналишининг ўрта қисмида тўхтаб қолган.
Шундан сўнг ташкилот ходимлари зудлик билан вазиятга аралашиб, фуқарони хавфсиз тарзда қисқа вақт ичида аттракциондан тушириб олган. Ҳодиса оқибатида ҳеч қандай тан жароҳати қайд этилмаган.
Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан ўрганиш ва текширув ишлари олиб борилмоқда. Мутахассислар аттракционнинг техник ҳолати ҳамда амалдаги қонунчилик талабларига қай даражада риоя этилганини аниқламоқда.
Қўмита эслатишича, аттракционларни давлат рўйхатидан ўтказмасдан ва тегишли рухсатномаларсиз эксплуатация қилиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Бундай қоидабузарлик учун БҲМнинг 200 бараваригача, яъни 82 миллион 400 минг сўмгача жарима қўлланиши мумкин. Агар қоидабузарлик оқибатида инсон ҳаёти ёки соғлиғига оғир зарар етса, айбдорларга нисбатан жиноий жавобгарлик чоралари ҳам қўлланади.
Шу муносабат билан Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси фуқароларни фақат тегишли рухсатномага эга, хавфсизлиги тасдиқланган аттракционлардан фойдаланишга чақирди. Шунингдек, шубҳали ёки техник носоз деб ҳисобланган аттракционлар ҳақида 71 203 02 39 ишонч телефони орқали хабар бериш сўралди.
Эслатиб ўтамиз, бу зиплайнлар билан боғлиқ илк ҳолат эмас. Июнь ойи бошларида Фарғона туманидаги дам олиш масканида амалдаги техник талабларга мутлақо жавоб бермаган ва инсонлар ҳаёти учун реал хавф туғдирган икки зиплайн тўлиқ демонтаж қилинган эди. Май ойида эса Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида ҳеч қандай рухсат берувчи ҳужжатларсиз ноқонуний фаолият юритган зиплайн аниқланиб, у ҳам бузиб ташланган. Ўша ҳолатда ҳам аттракционда бир киши ҳаракат ўртасида тўхтаб қолгани қайд этилган.






























Изоҳлар 0
…