Уч нафар ўқувчи қиз жанжали ортидан Андижонда синф раҳбари лавозимидан айрилди

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманидаги 11-мактабда уч нафар ўқувчи қиз ўртасида жанжал юз берди. Воқеадан сўнг синфдаги вазиятни назорат қилишда камчиликларга йўл қўйган синф раҳбари лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот котиби Дилфуза Собирова маълум қилди.
Вазирлик хабарига кўра, ҳодиса 13-октябрь куни соат 14:00 атрофида, танаффус вақтида содир бўлган. Уч нафар ўқувчи қиз ўртасида ўзаро келишмовчилик келиб чиқиб, жанжалга айланган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари, профилактика инспектори, мактаб раҳбарияти ҳамда ўқувчиларнинг ота-оналари иштирокида муҳокама ўтказилган.
Суҳбат якунларига кўра, ўқувчиларнинг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси асосида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Ушбу модда фарзандларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича ота-оналарнинг мажбуриятларини бажармаслик билан боғлиқ.
Шунингдек, синфдаги муҳит ва ўқувчилар хатти-ҳаракатларини назорат қилишда йўл қўйилган камчиликлар сабабли синф раҳбари Ш.Н. эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.































Изоҳлар 0
…