20:04 / 26.09.2018
5 050

Ўзбеклигимдан фахрланаман... Ўзбеклигимдан уяламан...

Ўзбеклигимдан фахрланаман... Ўзбеклигимдан уяламан...
Мен шу миллатнинг вакилиман, бир бўлагиман. Ҳар бир ютуғига қувонаман, қусурига ачинаман. Ҳар бир вакили мен учун азиз, яхшиси ҳам, ёмони ҳам. Миллатим феъли шунчалар ранг-барангки, таърифида китоблар битса арзийди. Унинг ўзига хос қирралари яққол намоён бўлаверганидан дунёга танилиб улгурган.

Самолётда анча-мунча одам учмайди. Айниқса, бизда. Самолётда учибдими, шунга яраша пули, шу парвозга арзигулик мақсади бор. Хорижга учса билингки, чакана шахс эмас — гап катта лойиҳалар, йирик маблағлар, ёки бошқаларга ҳавас қилгудек бир яйраб келиш ҳақида кетмоқда.

Ўзбегимнинг улкан самолётларда салобат билан учиб кетишини, чет эллардан ҳам нимадир ундириб келишини, қайтганида яқинларига аталган совғалар билан тўлиб-тошиб қайтишини кўрсам фахрланаман. Ана ўзбегим, дейман.

Истанбул, Пекин аэропортларида ҳар бири кичикроқ трактордай сумкаларни судраб, илинган йўловчининг оёғига осилганларни, молини ўтказиб беришини сўраб ялинганларни, аэропорт ходимлари юки кўплигини айтиб қайтарганида, гадойлардек ялинганида, жазавага тушиб бақирганларни, ўтиб олиб, боплаб чув туширганини айтиб мақтанганларни кўрсам, ўзбеклигимдан уялиб кетаман, бошқалар олдида бошим хам бўлади...

Чекка бир қишлоқнинг чекка уйида улғайган йигитчаларнинг дунё нигоҳи қадалган рингларда ғалаба қозониб, юртим байроғини кўзларига суртиб йиғлаганларида мен ҳам қўшилиб йиғлайман. Улар Ватанга қайтганларида бутун миллат жам бўлиб кутиб олиб, пойтахт бўйлаб айлантираётганларида қадрим осмон қадар юксалади, кўксимни тўлдириб «Мен ҳам ўзбекман!» дея ҳайқиргим келади.

Пойтахтда ўзининг ҳам келиб чиқиши қайсидир ҳудуддан бўлган миршабнинг кўчада кимнидир тутиб олиб «Праписканг бўлмаса, Тошканда нима қивоссан?!» деб ўдағайлаганида хўрлигим келади. Ўз юртида қимтинаётган ўша меҳмонга ачинаман.

Бир-икки қадам юрганимдан сўнг ранг-рўйидан ўзим каби (таъкидлайман: ўзим каби) қишлоқи йигит сўнгги йилларда пул топиб жиловни йўқотганидан пойтахт кўчасини бошига кўтариб бақираётганида, ичган пивосининг шишаси билан пистасининг пўчоғини йўл ўртасига отиб кетганида, шарақлатиб нос туфлаганида, кимдир сабот билан ўстираётган майсаларни дағал оёқлари билан топтаб кетаётганида мен ҳам ўзбекман, дейишдан хижолат бўламан...

Совуқ ўлкаларга таваккал йўл олиб, бола-чақасининг ризқини айириб келаётганларни, бунинг учун кимгадир жилмайиб, кимдир турткиласа ҳам ичига ютиб, ҳар кимга ҳар хил тавалло билан ҳаққини олиб, шундан бир четгинасини, қорнигагина ярашасини олиб қолиб, қолганини бус-бутун оиласига етказаётганларни кўрсам, ҳар бирини бағримга бир-бир босиб чиққим, «мен сизларнинг миллатдошингизман, ҳар бирингизнинг дардингиз менинг дардим» дегим келади.

Ўша бепоён ўлкада тўлиб тошган фирибгарлар камлик қилгандек, ўзимники ўзимникининг кўзига чўп суқса, беланги қилиб ишлатгани етмагандай, ҳақини бермаса, камига ўзидан кейингисига қул қилиб сотиб юборса, ана шу ишларни қилганлар ҳам ўзбек боласи эканлигидан қаҳрим келади. Ўзимизники қолиб, бошқа миллат вакиллари бизникилар бир-бирига фириб бераётганини айтиб, ўзбекни бирваракайига сўкса, ер ёрилишини кутаман, шу миллатданлигимни айтолмайман ҳатто...

Ўз юртида ўз тилини ҳимоя қилгувчилар пайдо бўлганида фахрланаман. Ўша ҳимоя қилгувчини ўз миллатдоши миллатчиликда айблаганида, миллатдоши ўзбекчанинг тўртта сўзини боғлаб бера олмаганида уяламан.

Жимитдеккина болакай шахмат бўйича чемпион бўлиб келса, шу менинг ҳам миллатим эканлигидан ҳайратланаман.

Ўз фарзанди таълими учун ўн минг сўмни аяйдиган, «ўқиб олим бўлармидинг» деган ярамас жумлани мақол мақомига кўтарган, ҳамиша пули йўқлигини айтиб нолийдиган инсоннинг бир неча соатлик тўйда олган қарзларигача сочиб, отарчи хонандага беш-ўн минг долларни қуртдек санаб бериб юборганида, бу миллат вакилининг бир танида икки инсон яшашига амин бўламан. Шу ҳам ўзбекми, дегим келади.

Онам бор, синглим бор, амма-холаларим бор. Улар миллионлаб ўзбек аёллари каби ўзини тўлалигича оиласига, фарзандларига бағишлашган. Ўзбек аёлининг заҳматини тасвирлаш учун минглаб мусаввирлар мўйқалам олишган, ҳайкалтарошлар тош йўнишган. Миллатим аёлларининг садоқати куйланган қўшиқларни дилларни сел қилганда, битилган асарлар қўлма-қўл бўлганида ҳайратланмаган одам йўқ. Эрини, тўрт-бешталаб ўғилларини кузатиб бирортасини кутиб олмаган Ўзбек аёли, одамлар бир-бирининг гўштини еган урушдан фарзандларини соғ-омон олиб чиққанда ҳам орини оёқости қилмаган Ўзбек аёли ҳақида эшитсам, ғурурим тоғлардек юксалади.

Ана шундай юксак кайфиятда турганимда, яна Яқин Шарқ томондан нимадир чорлагандан бўлади ва нигоҳим тасаввурларимни чил-чил қилади. Минг бир чиғириққа тушган миллатдошларим сабр қилган бир пайтда, унинг сўнгги авлодларининг айрим вакиллари бир кило гўштнинг пули учун қайсидир саҳройининг кўнглини хушлаганида, шаҳарлар кўчалари тўлгани камлик қилгандай, тунги масканларда саҳна ўртасида темирга ўралиб илон рақсига тушганида, ўша ҳудудларда ўшанақа аёлларни шунчаки... ЎЗБЕК деб атаганларида ўзбеклигимдан ор қилиб кетаман!

Ана шундай талотўп кўнгил билан яшайман мен... Сизчи?
Аброр Зоҳидов

Манба: Xabar.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)