Фолбиннинг фирибгар ўғли... (эртак эмас, ғирт ҳаётий)

  • 28 январь 2019, 20:05
  • 3 609
  • Жамият
  • Фолбиннинг фирибгар ўғли... (эртак эмас, ғирт ҳаётий)
    Бу дунёда одамларни бир-бири билан боғлаб турадиган ишонч деган муқаддас туйғу бор. Ўзаро ишонч туфайли яхши-ёмон кунларда инсон инсонга дўст, маслакдош, ҳамфикр ва ҳамдард бўлади.

    Бироқ...
    Сабоҳат опа (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Ниёзбекка ишониб хато қилган экан. Аслини олганда, Ниёзбек унга бегона эмас, қариндош.

    Яхши-ёмон кунингга қариндошинг ярайди-да. Кўпни кўрган кексаларимиз «Қариндошнинг қозони бошқа бўлса ҳам, ташвиши бир» деб бежизга айтишмаган-ку!
    Тақдирни қарангки, Сабоҳат Тўрақулованинг уй-жойи йўқ эди.

    Ўғиллари Акмал билан Адҳам вояга етган, ҳадемай уларнинг бошини икки қилиши керак. Сабоҳат опа ўйлай-ўйлай ўғилларини ёнига олиб, кўпроқ пул топиш мақсадида чет элга бориб ишлашга қарор қилади.
    Хориждан биронта қариндошига пул жўнатиб турса, у эса, атрофни дараклаб чоғроқ ҳовли олиб берса...

    Сабоҳат опа хорижга кетишдан аввал қариндошлари орасидан Ниёзбек Сувонқуловни танлайди ва ҳовли-жой ҳақида гап очади. Самарқанд шаҳрининг «Мотруд» маҳалласидан тайёр ҳовли олиб беришини илтимос қилади. Ниёзбек ўшанда қўлини кўксига қўйиб, бу савоб ишни жон-дили билан бажаришга ваъда берганди.

    Шундай қилиб, С.Тўрақулова ўғиллари Акмал ва Адҳам билан узоқ хорижда, тўрт йилдан кўпроқ вақт меҳнат қилади. Ҳар ойда ишлаб топган пулларини Н.Сувонқулов ва унинг оила аъзолари номига жўнатиб туради. Жами жўнатилган маблағ 20 минг АҚШ доллари бўлганди. Бу вақт оралиғида Самарқандга икки-уч кунга келган Сабоҳат опага Н.Сувонқулов «Мотруд» маҳалласидан телефонига тушириб олган бир уйнинг расмини кўрсатади. Ҳовли опага маъқул тушади. Ниёзбекка қайта-қайта раҳмат айтиб, яна хорижга қайтиб кетади.

    Сабоҳат опа қариндошига миннатдорчилик билдиришга шошилган экан. Чунки кейинги сафар у Самарқандга келганида Ниёзбекка учрайди ва сотиб олинадиган уй бўйича қандай янгиликлар борлигини сўрайди. Шунда Ниёзбек андишани бир четга суриб, уйни олмаганини, аксинча, юборилган пулга ўзи учун «Hyundai sonata» автомашинасини харид қилганини айтади.

    Буни эшитиб, Сабоҳат опа қаттиқ ранжийди. Қариндошига ўпка-гина қилади, аччиқ-чучук гапиради. Шунда Ниёзбек жаҳлланиб, ичкарига кириб кетади ва минг АҚШ доллари олиб чиқади. Сабоҳат опанинг қўлига тутқазаркан, кейинроқ яна 19 минг АҚШ доллар беришини айтади. Ҳозирча пулини қайтариш кафолати сифатида автомашина ҳужжатларини опага беради. Бундан С.Тўрақулованинг кўнгли бироз таскин топганди. Лекин чучварани хом санаган экан: аёл яна хорижга қайтиб кетганидан сўнг Н.Сувонқулов машина ҳужжатларини тиклаб, сотиб юборади...

    Ўзганинг меҳнати ортидан топган текин бойликдан мазахўрак бўлган Н.Сувонқулов энди бутунлай фирибгарлик йўлига ўтиб олади.

    Ниёзбек Сувонқулов ким ўзи? Эндигина ўттиз ёшни қаршилаган, уч нафар фарзанднинг отаси, тайинли бирон жойда муқим ишламаган Н.Сувонқулов Самарқандда анча тилга тушган «Қумри фолбин»нинг ўғли ҳисобланади. Бошқаларни тақдиридан фол очиб, келажагини «башорат» қилишдан ташқари беморларни-да «даволаш салоҳияти»га эга бу аёл ўз ўғлини келажакда суднинг қора курсиси кутаётганини билмаганмикан-а?

    Нега десангиз, фолбиннинг ҳузурига онаси дардига шифо қидириб келган яна бир самарқандлик Юлдуз Эргашева унинг ўғли Ниёзбек билан танишиб қолади. Аёлнинг бозорда савдо қилиши билган йигит унга Канада давлатига ишга юбориш имкониятига эга эканини айтади.
    Қумри фолбин ўғлининг гапини маъқуллайди. Ўзи ихлос қилиб (эҳ, соддалик қурсин-а!) келган фолбин ўғлининг зў-ўр эканини тасдиқлаб турса, бу гапларга ким ишонмайди?!

    Бозор — гапнинг ўчоғи. Бу ердан атрофга миш-миш тез тарқалади. Кимдир «Унинг таниши бор экан, Канада давлатига ишга жўнатармиш» деса, бошқа биров «Хорижга Юлдузнинг ўзи ишга юбораётганмиш» дея узунқулоқ гап ёяди. Бунақа гапларга лаққа ишонадиганлар эса тезда топилди. Мана, биттаси Фахриддин Эсонов. Тезроқ Канадага бориб, иш бошлашга шошилганидан дарров аёл айтган пул 15 минг АҚШ долларини тутқазади. Сурайё опа деган яна бир бозорчи аёлда ҳам ўғли Илғоржонни Канада давлатига ишга жўнатиш фикри туғилиб, рўзғорига яраб турган «Кобальт»ни сотади…

    Хуллас, Фахриддин ва Илғоржон Ниёзбек Туркияга учиб кетади ҳатто. Туркиядан Канадага парвоз қилишлари керак эди. Аммо улар Туркия давлатидан ортга қайтариб юборилади. Сабаб шуки, уларнинг фуқаролик паспортларига қўйилган визалар қалбаки экани назоратчилар томонидан аниқланади. Кейинчалик маълум бўлишича, ҳужжатларни Ниёзбекнинг жиноий шериги — қўшни Қозоғистондаги таниши «Молдир» тайёрлаган экан... Бу орада яна бўладики, Ниёзбек Сувонқулов улардан ташқари яна тўрт нафар фуқарони Канада давлатига юбориш билан алдаб, яхшигина пул чув туширишган экан. Фирибгарлик билан қўлга киритган пулларнинг умумий миқдори эса саксон минг АҚШ долларидан кўпроқни ташкил этади.

    ...Фирибгарлар қўлга тушиб, жиноий жавобгарликка тортилганини илғаётган бўлсангиз керак.

    Қандай жазо берилди?

    Н.Сувонқуловга озоддикдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди. Юлдуз Эргашевага ҳам. Чунки дастлабки тергов пайтидаёқ жабрланувчиларга етказган зарарларни тўла қоплаб бўлганди. Аммо бунгача тўкилган асаб, беором кунлар, орттирилган хасталик... Бу нимани англатади? Кўчадаги гапга, фирибгарнинг алдовига эмас, балки қонунга таяниб иш тутиш керак. Шундагина ҳеч қандай муаммога ўрин қолмайди.
    Фаррух Саматов,
    жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг судьяси

    Манба: Xabar.uz

    » » Фолбиннинг фирибгар ўғли... (эртак эмас, ғирт ҳаётий)