Жазманнинг рашки жиноятга бошлади...

  • 04 октябрь 2019, 08:15
  • 2 168
  • Жамият
  • Жазманнинг рашки жиноятга бошлади...
    Рашид Азмиддинов (исм-шарифлар ўзгартирилган) «юриб қўйган» йигитлардан. Бухоролик. Гапга чечан, сўзга бой, лутфни хирмон қиладики, унча-мунча аёл қандай «илиб» қолганини билмай қолади гўё... Унинг навоийлик Гулзима Тоғаева билан танишиши жуда осон кечди. Ҳаммасига дўсти Сафарали сабабчи. Бир куни у Рашидга: «Кетдик, Навоийга, у ерда битта «ойимчам» бор, унинг айтишича, сенбоп дугонаси бор экан, би-ир маза қилиб келамиз...».

    Икковлон Бухородан Навоийга келишди. Уларни Сафаралининг «ойимчаси» кутиб олди. Кўп ўтмай дугонасини чақириб, «йигити»нинг ўртоғи билан таништириб қўйди.
    Рашид ва Гулзима шу тариқа «топишди».

    Ўша куни икки жуфт «ёшлар» Гулзима ижарада яшаёдиган дала ҳовлида тунни ўтказишгани, кейинчалик ҳам давом этган бор-келдиларнинг тафсилоти шартмас...

    Рашид Навоий шаҳрига сер­қатнов бўлиб қолади. Гулзиманинг ижара пули, кундалик харажатлари унинг зиммасида эди. Шу йилнинг январь ойида Рашид Навоий шаҳрига Сафарали билан бирга келади. Бу галги ташрифнинг ўзига хос сабаби бор эди: Гулзиманинг туғилган куни! Йигит ҳотамтойлигини кўрсатиб, аёлнинг туғилган кунини қаҳвахонада ўтказиб беради. «Тантана» якунида кейинги дийдор куни аниқланди. Ҳадемай 14 январь келади. Шу сана яна бир дийдор учун яхшигина баҳона эмасми?! Фақат учрашув Навоий эмас, Бухорода бўлса-чи? Йигитлар эътироз билдиришмади.

    Хуллас, ўша кун ҳам келди. Навойида анча барвақт Бухорга етиб келган икки дугонани йигитлар кутиб олди. Шаҳарни айлантиришди. Сўнг қаҳвахонада 14 январь — байрамни нишонлашга тушилди. Ўтириш авжига чиқаётганида хабар келдики, Рашиднинг икки йил аввал «юрган қизи» бошқа қаҳвахонада уни кутаётган экан.

    — Ҳаммамиз борамиз! — дейди ширакайф Рашид.
    Ажаб, бу таклифга ҳамма рози бўлади. Ҳатто Гулзима ҳам.

    Қаҳвахонада уларни ёшгина қиз илиқ кутиб олади. У Рашид билан жу­да қуюқ кўришади. Қизнинг ёнидан жой олган Рашид унинг елкаси оша қўлини ўтказиб олади. Гап орасида Рашид қизга «Матиз» русумли автомашина совға қилганини мақтаниб қўяди.

    Шундоғам бўлари бўлиб ўтирган Гулзиманинг кўнглида бу гапдан кейин алам туғилади. Аввалига ҳамманинг кўзини шамғалат қилиб, қўл телефонига Рашид ва қизнинг бир-бирига ёпишиб-қапишиб ўтирган ҳолатини суратга олади. Сўнг шунга ўхшаш ҳолатни видеотасвирга туширади.

    «Энди ҳолингга вой, Рашид!».

    Арзимаган баҳонадан жанжал чиқариб, ўша кунги ўтиришнинг расвосини чиқарган Гулзима кейинроқ, телефонидаги сурат ва тасвирларни кўрсатиб, Рашидни ипсиз бўғишга тушади: «Буларни интернетга чиқарворсам нима бўлишини биласизми, йигит?».

    Рашид Гулзимага пул берди, «дом»ининг таъмирини кўтарди. Яна катта-кичик чиқимларидан ҳам қочмади. Шундаям аёл уни тинч қўйса, қани! Қўлингдан келганини қил, дея қўл силтамоқнинг иложи йўқ. Сурат ва видеолар интернетга чиқиб кетса борми?!

    Ниҳоят, пичоқ суякка етгач, Рашид қасоскор маҳбубасига масалани кўндаланг қўйди: «Нима қилсам тинч қўясан?!».
    Аёл шу гапни кутиб юрган экан: «Менгаям битта «Матиз» олиб берасиз, кейин орамиз очиқ!».

    Сотиладиган «Матиз» ҳам тайёргина экан. Машина эгаси 47 миллион сўм сўради...
    Бунга қурби етмаслигини англаган Рашид тўғри бориб, ички ишлар органига ариза ёзди.

    Мазкур ариза юзасидан ўтказилган тезкор тадбирда Гулзима қўлга олинади. Унинг жиноий шериги ҳам бор бўлиб, аёл уни ҳам ўзи билан «тортиб кетди»...

    Судда судланувчи Г.Тоға­ева ва С.Ҳайдаровнинг товламачилик, яъни бир гуруҳ шахс­лар томонидан олдиндан тил бириктириб, жабрланувчини ўзи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўр­қитиб, ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қи­лишда ифодаланган товламачилик жиноятига қўл ургани рад этиб бўлмайдиган да­лиллар билан исботланди.

    Дарвоқе, Г.Тоғаеванинг ҳимоячиси судда судланувчининг ҳаракатини Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» бандидан шу модданинг 1-қисмига, аёлнинг жиноий шериги С.Ҳайдаровнинг ҳимоячиси эса, Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» бандидан Жи­­ноят кодексининг 28,165-моддаси 1-қисмига қайта малакалашни сў­рашди. Суд ҳи­моячиларнинг фикрини муҳокама қилди. Аммо уларнинг важларини судланувчиларнинг тергов ва судда берган кўрсатмалари, во­қеа жо­йи­­ни кўздан кечириш, CD-дискни олиш ва эшитиб кўриш, пулларни кўз­дан кечириш, кимёвий ишлов бериш ва овоз ёзиш мосламасини фуқарога бериш, ундан ушбу мосламани олиш ва эшитиб кўриш, юзлаштириш баённомаларига асосланиб, рад этди.

    Шу ўринда Жиноят кодексининг 28-моддасига тўхталиш лозим. Гап шундаки, ушбу модданинг 1-қисмида жиноят­ни бажарувчи билан бир қаторда ташкилотчи, далолатчи ва ёрдамчилар ҳам жиноят иштирокчилари деб топилиши; 5-қисмида эса, жиноят содир этилишига ўз маслаҳатлари, кўрсатмалари билан, воситалар бериш ёки тўсиқларни йўқотиш билан кўмаклашган, шунингдек, жиноятчини, жиноят содир этиш қуроли, излари ва воситаларини ёхуд жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни яширишга, бундай нарсаларни олиш ва ўтказиш тўғрисида олдиндан ваъда берган шахс ёрдамчи деб топилиши кўрсатилган.

    Ҳақиқатан ҳам, ёрдамчи келиб чиқадиган жиноий оқибатни олдиндан кўра билгани ҳолда унинг юз беришини истайди. Бунга онг­ли равишда йўл қўяди.

    Шунга қарамай, суд судланувчиларга имкон даражасида қонуний енгиллик берди. Зеро, уларни жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялаш мумкин, деган хулосага келди. Энди улар ҳам, улар мисолида турмуш аталмиш муқаддас даргоҳга енгил-елпи қа­рашга мойил инсонлар ҳам мақоламиз «қаҳрамон»лари йўл қўйган хатоларни ўзлари учун ибратли сабоқ деб билса, айни муддао бўларди.

    Азиз Авезов,
    жиноят ишлари бўйича
    Навоий шаҳар судининг судьяси

    Манба: Xabar.uz

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Жазманнинг рашки жиноятга бошлади...