Уч йилдан сўнг Саудиядан Туркияга поезд қатнаши кутилмоқда

Саудия Арабистони ва Туркия ўртасида тўғридан-тўғри темир йўл алоқасини йўлга қўйиш лойиҳаси кейинги уч йил ичида амалга оширилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Туркия транспорт ва инфратузилма вазири Абдулқодир Уралоғлу Al Arabiya нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Вазирнинг таъкидлашича, мазкур темир йўл келажакда Европа йўналишигача кенгайтирилиши мумкин. Ар Риёд—Анқара темир йўл тармоғининг қиймати бўйича аниқ маълумотлар эса яқин вақтларда эълон қилиниши режалаштирилган. Лойиҳага кўра, темир йўл Саудия Арабистонидан бошланиб, Иордания ва Сурия орқали Туркия ҳудудигача етиб боради. Шунингдек, Ироқ ҳам мазкур транспорт йўлагининг бир қисмига айланиши эҳтимоли бор.
Абдулқодир Уралоғлунинг маълум қилишича, Саудия Арабистони ўз темир йўл тармоғини аллақачон Иордания чегарасигача етказган. Туркия эса ўз навбатида темир йўл тизимини Сурия ҳудудигача кенгайтирган. Ҳозирги кунда асосий эътибор Сурия ва Иорданиядаги етишмаётган қисмларни барпо этишга қаратилмоқда.
“Айни пайтда биз айнан шу йўналиш устида ишлаяпмиз. Барча тафсилотларни ўрганиб чиқиб, тўрт давлатни бирлаштирувчи темир йўл тармоғини яратиш учун қандай ҳамкорлик қилиш мумкинлигини муҳокама қилмоқдамиз. Келажакда мазкур йўл Европа қитъасигача етиб бориши мумкин”, деди вазир.
Унинг қўшимча қилишича, Форс кўрфази давлатлари ҳам кейинчалик ушбу йирик инфратузилма лойиҳасига уланиши мумкин. Бу баёнот Саудия Арабистони транспорт ва логистика хизматлари вазири Солиҳ ал-Жассир билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг янгради. Учрашув якунида икки давлат темир йўл соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича англашув меморандумини имзолади.
Шу билан бирга, томонлар Ар Риёд ва Анқарани боғловчи темир йўл ҳамда автомобил йўллари вариантларини ҳам муҳокама қилмоқда. Бу музокаралар минтақадаги геосиёсий ўзгаришлар ва давом этаётган можаролар фонида олиб борилмоқда.
Аввалроқ Саудия Арабистони транспорт вазири Солиҳ ал-Жассир ҳам Al Arabiya телеканалига берган интервьюсида мазкур лойиҳанинг иқтисодий асослари 2026 йил охиригача тайёр бўлишини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, Саудия, Иордания ва Сурия орқали Туркияни боғловчи темир йўл минтақанинг транспорт салоҳиятини сезиларли даражада оширади.
Мутахассислар фикрича, тарихий темир йўл йўлагини қайта тиклашга қаратилган мазкур лойиҳа минтақа мамлакатларини оддий транзит ҳудудидан қитъалараро савдо оқимларини бошқарувчи муҳим марказга айлантириши мумкин. Айниқса, Ҳормуз бўғозидаги вазият ва денгиз юк ташиш соҳасидаги узилишлар фонида муқобил қуруқлик йўлларига қизиқиш тобора ортиб бормоқда.





























Изоҳлар 0
…