18:43 / 03.02.2021
25 776

Паркинсонизм қандай касаллик?

Паркинсонизм қандай касаллик?
Савол: Паркинсонизм қандай касаллик? Нима учун у “Паркинсон касаллиги” деб аталади?

Жавоб:
Аввал ушбу касалликнинг тарихи ҳақида қисқача билиб олсак. 1817 йили англиялик врач Жеймс Паркинсон (1755–1824) “Титроқ фалажлик” номли кичик бир асар ёзади. Ушбу китобчада у ўша давргача номаълум бўлган касаллик ҳақида сўз юритади. Ҳамма гап шундаки, бу дардга унинг ўзи йўлиққан эди. У ўзида кечаётган касаллик белгиларини ён дафтарчасига ёзиб юради. Унинг қўллари доимо титрар, боши қалтирар ва ҳали ёши 60 га ҳам етмаган бўлса-да, гавдаси букчайиб бораётганди.

Машҳур невролог олим Жан Мартен Шарко (1825-1893)
Паркинсон танасидаги барча мускуллари гўёки қотиб бораётганидан, бемалол қадам ташлаб юра олмаётганидан азият чекарди. У яқинларига: “Бу қарилик эмас, балки қандайдир бир касаллик” дейди сиқилиб. Ҳозирда ҳар бир невропатолог биладиган паркинсонизмнинг деярли барча белгилари ўша вақтдаёқ Паркинсон томонидан ёзиб қолдирилган. Агар Паркинсон ушбу касаллик билан оғримаганида эди, балким биз унинг ҳақида ҳеч нарсани билмаган бўлар эдик. Чунки у кўзга кўринган олим эмас, балки оддий врач бўлган. “Бошидан ўтган табиб” деган нақлни эшитсам, ҳаёлимга Жеймс Паркинсон келади.

Савол: Паркинсон касаллиги фақат катталарда учрайдими?

Жавоб:
Жеймс Паркинсон ўзида бу касаллик белгиларини 50 ёшдан ошгандан сўнг пайқай бошлаган. Кейин унинг ўзи яна 6 нафар беморда худди шундай касаллик аломатларини кузатади. Улар ҳам 50 ёшдан ошган эди.
Касалликнинг катталарда учраши Паркинсон эътиборини тортади ва у “Ушбу касаллик 50 ёшдан ошганларда учрайди” деб ёзади. Шу билан бирга ўзида ва ўзи кузатувга олган беморларда бир хил аломатларга, яъни қўлларнинг титраши, мушаклар қотиши, ҳаракатларнинг сустлашиб бориши ва қадам ташлашнинг секинлашувига эътибор қаратади. Мускуллар кучи сақланиб қолган бўлса ҳам, титроқлар ва мускулларнинг қотиб қолиши сабабли Паркинсон бу касалликка “Титроқ фалажлик” деб ном беради.

Паркинсон ўлимидан 50 йил ўтгач, яъни 1874 йили машҳур француз неврологи Жан Мартен Шарко бу касалликни чуқур ўрганиб, унинг номини ўзгартиради. Жарко шундай деб ёзади: “Биз ушбу касалликни ўзи шу дарддан азият чеккан ва уни батафсил ёзиб қолдирган врач номи билан атаймиз”. Барча олимлар Шарконинг бу таклифини қўллаб-қувватлашади. Ўша даврдан бошлаб ушбу касаллик Паркинсон касаллиги деб номланади. Жаҳон неврологияси фани асосчиси Ж.М.Шарко ушбу касалликдан ўлган беморларнинг бош миясини очиб ўрганади, бироқ мия тўқималарида ҳеч қандай патологик ўзгаришлар топмайди.

Савол: Паркинсон касаллигининг сабаблари нима? Агар бош мияда ҳеч қандай ўзгаришлар топилмаган бўлса, нима учун бу касаллик ривожланади?

Жавоб:
Паркинсон касаллигидан ўлган беморларнинг бош миясини Шарко давридан (1880 йиллардан) буён олимлар ўрганиб келишган. Бироқ бош мияда ҳеч қанақа ўзгаришлар топишмаган. Бу мўъжизадан олимлар ҳайратда қолишади: “Неврологик белгилар бор-у, бироқ бош мия ўзгармаган?!”. Бу қанақаси бўлди? Балки касаллик наслий хусусиятга эгадир? Бу савол деярли 80 йил мобайнида, яъни ХХ асрнинг 60-йилларигача жавобсиз қолади.

Бироқ шу ерда бир нарсани айтиб ўтиш керак. 1918 йили Европада эпидемик энцефалит (бош миянинг кучли яллиғланиши) билан касалланганлар сони жуда кўпайиб кетади. Венгриялик олим Экономо ушбу касалликнинг, яъни энцефалитнинг сурункали босқичида Паркинсон касаллигига хос симптомларни кузатади. Энцефалитдан ўлган беморларнинг бош мияси текширилганда бош миянинг чуқур қисмида патологик ўзгаришлар топилади.

Ўша даврдан бошлаб Паркинсон касаллигига ўхшаб кечувчи касалликларни паркинсонизм деб атай бошлашади. Ўша пайтлари патоморфологик текширувлар ривожлана бошлаган эди. Паркинсонизмдан ўлган беморларнинг бош мияси текширилганда бош миянинг қуйи қисмида жойлашган қора модда ҳужайралари атрофияси аниқланади.

2015 йил. Италия. Милан. Паркинсонизмга бағишланган Ҳалқаро анжуман. Проф. Ибодуллаев З.Р. шогирдлари Абдуллаева Д.Р. ва Жалилова С.Х. билан
Савол: Паркинсонизм наслдан наслга ўтадими?

Жавоб:
Паркинсон касаллигининг ривожланишида наслий омилларга катта урғу берилади. Чунки касаллик наслдан-наслга доминант типда узатилади. Бу касаллик тўла равишда фарзандларга ўтади дегани эмас.
Ваҳоланки, Паркинсон касаллигининг ўзи эмас, балки унга мойиллик кейинги авлодларга узатилади. Демак, ушбу касалликка мойиллиги бор одамларда турли ташқи салбий таъсирларгина Паркинсон касаллигини юзага келтириши мумкин.

Савол: Боксчиларда ҳам паркинсонизм ривожланади дейишади. Шу тўғрими? Бокснинг паркинсонизмга нима алоқаси бор?

Жавоб:
Албатта, бокснинг паркинсонизмга бевосита алоқаси йўқ. Биз ҳаммамиз машҳур боксчи Мухаммад Алини яхши биламиз. Унда бош мияга теккан зарбалар кейинчалик паркинсонизм ривожланишига сабабчи бўлган. Умуман олганда, кўпчилик паркинсонизм касаллигини машҳур Муҳаммад Али орқали билади. Чунки унинг паркинсонизм билан касалланганлиги жуда кўп спорт ихлосмандларига маълум.

Бошга теккан доимий зарбалар миянинг чуқур тузилмалари эзилиши ва уларга нуқтали қон қуйилишларга сабабчи бўлади. Бунинг оқибатида инсон ҳаракати учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган дофамин моддасини ишлаб чиқувчи ҳужайралар сони камая боради. Бу эса паркинсонизм ривожланишига сабабчи бўлади.

Мен бокс билан шуғулланаётганларни чўчитиб қўймоқчи эмасман. Юқорида айтиб ўтганимдек, паркинсонизмга мойиллиги бор одамларда ташқи таъсирлар ушбу касалликнинг ривожланишига олиб келади. Фикримча, Муҳаммад Алида паркинсонизмга наслий мойиллик бўлган. Чунки машҳур боксчилар жуда кўп. Улар ҳам миясига кўп зарбалар олган. Бироқ ёши ўтгандан сўнг уларда паркинсонизм ривожланмаган. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Демак, бош мия жароҳати, албатта, паркинсонизм ривожланишига олиб келади деган фикр нотўғри.

Савол: Асаб системаси заҳарланишлари ва инфекциялари ёки ҳар хил дориларни кўп истеъмол қилиш ҳам паркинсонизмга олиб келади деб эшитганман. Шу тўғрими?

Жавоб:
Ҳақиқатан ҳам турли кимёвий моддалар ва воситалар билан сурункали заҳарланиш паркинсонизм ривожланишига сабабчи бўлиши мумкин. Масалан, олтингугурт, марганец, қўрғошин, метил ва этил спиртлари, фосфорорганик бирикмалар, ис гази, яъни мияда дофамин моддаси алмашинувига салбий таъсир кўрсатувчи моддалар паркинсонизм ривожланишига сабабчи бўлади. Асаб системаси инфекциялари ҳақида айтадиган бўлсам, миянинг ички қисмида жойлашган қора моддани зарарлайдиган вируслар паркин-сонизм ривожланишига сабабчи бўлади. Масалан, энцефалит касаллигини бунга мисол қилиш мумкин.

Дориларнинг ножўя таъсири ҳақида гапирадиган бўлсак, фақат баъзи дориларгина паркинсонизм ривожланишига сабабчи бўла олади. Паркинсонизм ривожланишига энг кўп сабабчи бўладиган дорилар – булар аминазин, галоперидол ва шу гуруҳга кирувчи дорилар. Бу дорилар, асосан, руҳий бузилишларни даволашда ишлатилади. Улар катта миқдорда ёки узоқ вақт тавсия қилинса, беморда паркинсонизм белгилари ривожланади. Лекин бемор бу дориларни ичишдан тўхтатса, паркинсонизм белгилари дарров орқага қайтади.

Шунинг учун ҳам дорилар таъсиридан ривожланган паркинсонизм ҳақиқий Паркинсон касаллигига қараганда тез тузалади. Паркинсонизмни юзага келтирадиган дориларнинг ножўя таъсирини пасайтириш учун циклодол берилади.

Шу ерда алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдим. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қиладиганларда паркинсонизм кўп учрайди. Чунки гиёҳванд моддалар айнан қора моддада ишлаб чиқариладиган дофамин моддасини парчалайди.

2015 йил. Италия. Рим. Паркинсонизмга бағишланган Ҳалқаро анжуман иштирокчилари.
Савол: Мия томирлари атеросклерози, гипертония касаллиги ва инсульт ўтказганларда ҳам паркинсонизм ривожланадими?

Жавоб:
Афсуски, бу саволга “Ҳа” деб жавоб бериш керак. Неврологияда “Томир паркинсонизми” деган атама бор. Бош мияда қон айланишининг сурункали бузилишлари паркинсонизм ривожланишига сабабчи бўлиши мумкин. Масалан, дисциркулятор энцефалопатиянинг 3-босқичида деярли 25 % беморда паркинсонизм ривожланади. Агар бемор доимо юқори қон босимдан азият чекиб юрса, унда тез-тез гипертоник кризлар учраб турса, қон босими юқори бўлиб спиртли ичимликлар истеъмол қилса, уларда томир паркинсонизми ривожланиши хавфи юқори. Шунингдек, тез-тез кичик инсультлар кузатиладиганларда ҳам томир паркин-сонизми ривожланиш хавфи бор.

Савол: Энди бу касаллик белгилари ҳақида сўзлаб берсангиз.

Жавоб:
Бу касалликнинг ҳар бир белгиси ўзига хос хусусиятга эга. Зийрак кўзли невропатолог паркинсонизмнинг ҳар бир белгисига қараб, адашмасдан ташхис қўя олади.
Масалан, 60 ёшли беморнинг кўзлари бир нуқтага тикилган, қадди бир оз букилган, қадам ташлашлари секинлашган, мускуллари қотишган ва қўл панжаларида титроқлар аниқланса, демак, беморда паркинсонизм ривожланаяпти. Бироқ ёшларда кузатиладиган жаҳл чиққандаги титраш паркинсонизм белгиси эмас. Паркинсонизм учун бир оз букилган қўл панжаларининг айнан тинч ҳолатдаги доимий титраши хос.

Беморда ҳаракатлар ҳажми камайган бўлса-да, мушаклар кучи сақланиб қолади. Танадаги мушаклар тонуси ошганлиги сабабли бемор шахдам қадамлар ташлаб, равон юра олмайди. У кичик қадамлар ташлаб юради. Бундай юриш “қўғирчоқ юриш”» деб аталади. Беморнинг юз кўриниши ниқобсимон бўлади, юз-кўзида ҳиссий аломатлар кўринмайди. У гўёки қотиб қолган одамни эслатади.

Савол: Паркинсонизмда беморнинг нутқи, юз ифодаси ва ҳуснихати ҳам ўзгарган бўлади дейишади. Улар қандай намоён бўлади?

Жавоб:
Ҳақиқатан ҳам шундай. Ҳали айтиб ўтганимдек, зийрак невропатолог беморнинг юз-кўзи, нутқи ва қадам ташлашларига қараб паркинсонизм ташхисини қўя олади. Беморнинг кўзлари бир нуқтага тикилган бўлиб, нигоҳи худди бир муаммо устида хаёл сураётган олимни эслатади. Юзларида мимик ҳаракатлар жуда суст ифодаланган бўлади. Бундай беморнинг юзи ўта жиддий ва кам куладиган одамни эслатади.

Беморнинг юзида ижобий ҳиссий реакцияларни кўрмайсиз. Уларнинг нутқи ҳам бир хил ва овози паст. Бемор товушини секин чиқариб, бир хил тарзда гапиради ва узоқ сўзламайди. Бундай беморлар ташқи кўринишдан ёши улуғ, ўта жиддий ва доно одамни эслатади.
Паркинсонизмда беморнинг ёзган хатини ўқиб ҳам унга ташхис қўйиш мумкин. Бунинг учун беморни кўриш шарт эмас. Бемор хат ёзаётганида катта ҳарфлар билан бошлайди, кейин ҳарфлар ҳажми кичрайиб боради ва бора-бора тўғри чизиққа айланади.

Бир невропатолог армияда хизмат қилиб юрган ўғлининг уйга ёзган хатларига қараб, унда паркинсонизм аломатларини кўради ва хавотир олиб, у хизмат қилаётган ҳарбий бўлимга боради. Ўғлини кўргач, унинг боши ва танасида калтак зарбидан қолган изларни топади. “Дедлар” унинг бошига кўп уришган эди. Шу сабабли унда бир йилдан сўнг паркинсонизм аломатлари пайдо бўлган. Судда аскарнинг отаси ўз боласининг хатларини ашёвий далил сифатида кўрсатган. Армия бўлинмаси томонидан чақирилган невропатолог ҳам аскар отасининг даволарини қўллаб-қувватлаган. Ташхис: “Бош мия жароҳат¬лари сабабли ривожланган паркинсонизм” эди. Айбдор-лар суд қилиниб, жазоланган. Воқеа собиқ шўролар давлатида рўй берган эди.

Савол: Паркинсонизмда беморнинг характери ва руҳияти ўзгарадими?

Жавоб:
Ҳар қандай асаб касаллигида хулқ-атвор ўзгаргани каби паркинсонизмда ҳам беморнинг характери ўзгаради. Бемор кўп нарсаларни унутадиган бўлиб қолади ёки жуда қийинчилик билан эслайди, фикрлар карахтлиги кузатилади. Баъзи беморлар жуда эзма бўлиб қолишади, арзимаган нарсага аразлайверади. Баъзида уларнинг эзмалиги оила аъзоларини жуда қийнаб юборади. Масалан, бемор шарт бўлмаган нарсага шу даражада эътибор қаратадики, бундан унинг ўзи ҳам қийналиб кетади. Агар у бирор-бир нарсани топиб беришни талаб қилса, айтганидан қолмайди, фақат ўша нарса топилгандан кейин тинчийди. Бир гапни ҳадеб қайтараверади.

Масалан, бемор келинига идишларни ювиб қўйинг деса-ю, бу иш келиннинг эсидан чиқиб кетса, буни у куни билан гапириб юриши, хафа бўлиши ва йиғлаб олиши ҳам мумкин.
Паркинсонизм билан касалланган бемор депрессияга мойил бўлади, унинг кайфияти тез-тез бузилиб туради, кўп йиғлайди, уйидагиларни кўп айблайверади. Уларда уйқу ҳам бузилган бўлади: кундузи ухлаб, кечаси ухламай чиқишади.

Савол: Беморни даволаш усуллари ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

Жавоб:
Паркинсонизм ташхисини тўғри аниқлаш, унинг сабаблари ва мавжуд бошқа касалликларни топиб, даволашни тўғри бошлаш керак. Даволашни фақат невропатолог олиб боради. Паркинсонизмнинг асл сабабини аниқламасдан туриб даволашга киришилмайди.
Баъзан аслида паркинсонизм касаллиги йўқ беморларга ушбу ташхис қўйиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Касаллик сабабини аниқлашда ва ташхис қўйишда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Бу касалликни хирургик усуллар билан ҳам даволаш мумкин. Паркинсонизм белгиларининг орқага чекина бориши ёки зўрайиб боришдан тўхташи даволовчи врачнинг маҳоратига ҳамда беморнинг иродасига боғлиқ. Қариндош-уруғларнинг яхши парвариши эса камида 30 фоиз даво дегани. Бемор ҳар доим эътиборда бўлиши лозим.

ПАРКИНСОН КАСАЛЛИГИ АНИҚЛАНГАН БЕМОРГА ВА УНИНГ ЯҚИНЛАРИГА 10 ТА ЗАРУР МАСЛАҲАТ

1. Ҳар доим эсда тутинг! Паркинсон касаллигида бемор жуда инжиқ, сал нарсага эътибор қиладиган, бир гапни ҳадеб қайтараверадиган, ёқмаган воқеани эслаб уни ҳадеб такрорлайверадиган, келинлар ёки фарзандларини ҳадеб койийдиган бўлишади.

2. Паркинсон касаллигида апатия ва депрессия жуда кўп учрайди, яъни бемор доимо паст кайфиятда, уйқусиз, салга йиғлаб хафа бўладиган, овқатдан бош тортадиган ва фикрлари карахт бўлишади.

3. Паркинсонизмнинг асосий белгилари бўлмиш қўлларнинг доимо титраши ва мускулларнинг қотиб қолиши, уни ҳатто ўзини-ўзи бошқара олмайдиган қилиб қўяди. Бу ҳақда юқорида ҳам гапирганмиз.

4. Фарзандлар шу касалликка дучор бўлган отаси (онаси)нинг инжиқликларига сабр-матонатли бўлиши керак. Бу инсон бола-чақам деб ва ишдаги қийинчиликларни деб шу дардга дучор бўлган. Демак, унинг атрофида жуда яхши психологик муҳит яратилиши лозим. Паркинсонизмга чалинган бемор ҳаттоки кулса, кулгиси ўзига ярашмайди, чунки мимик мускуллар ҳам қотиб қолган бўлади. Шундай бўлса-да, беморнинг атрофини фақат оптимизмга бурканган ижобий муҳит ўраб олган бўлиши керак.

5. Ҳар қандай стресс бир ойлик даволанишни пучга чиқариши мумкин. Афсуски, шундай ҳолатлар бўлиб туради. Беморни даволаб, ҳаракатларини тиклаб, қўлларидаги титроқларни камайтириб хурсанд қилиб уйга юборамиз, орадан бир муддат ўтмай уйдаги қаттиқ жанжалдан сўнг бемор яна оғир аҳволда шифохонага тушиб қолади. Чунки паркинсонизм билан оғриган бемор стрессни кўтара олмайди.

6. Тавсия қилинган дориларни, албатта, ўз вақтида ичиб юриш керак. Одатда, бундай дорилар йиллаб ичилади. Ўзбилармонлик билан дори дозасини камайтириш ёки тўхтатиб қўйиш асло мумкин эмас. Айниқса, дорини бирдан тўхтатиб қўйса, бемор турган жойида ҳайкалдек қотиб қолиши мумкин. Бу хавфли! Шу боис ҳам паркинсонизм учун белгиланган дориларни етарли миқдорда уйда сақлаш керак. Дорихоналарда бемор ичаётган дори бўлмай қолиши мумкин.

7. Жисмоний ҳаракатлар масаласига келадиган бўлсак, жисмоний ҳаракатларни тез-тез ва кўп қилинг деб маслаҳат беришади. Паркинсонизмда жуда фаол ҳаракатлар мумкин эмас. Чунки бундай активликдан сўнг мускуллар яна қотиб қолади. Демак, ҳаракатлар оҳиста, ўртамиёна ва кичик-кичик бўлиши керак, ётиб қолиш ҳам асло мумкин эмас. Лекин умумий уқалашлар ва енгил кўринишдаги доимий ҳаракатлар жуда яхши ёрдам беради. Булар ҳақида даволовчи невропатолог ёки реабилитолог Сизнинг аҳволингиздан келиб чиқиб тўғри маслаҳат беради.

8. Паркинсонизмда бемор узоқ давом этувчи қабзиятдан кўп азият чекади. Баъзида бемор 4-5 кунлаб катта таҳоратга чиқмайди. Бундай пайтда ичакдан дориларнинг сўрилиши ҳам бузилади. Демак, қабзиятни бартараф қилмасдан туриб дори қабул қилиш қуруқ ерга кўчат эккандек гап, яъни бефойда. Беморнинг овқат рационида мева-сабзавотлар ҳар доим бўлиши керак, овқатлар ҳам енгил ҳазм бўладиган бўлиши керак. Айниқса, доимо юмшоқ нок қабул қилиб юриш (агар имкони бўлса, албатта) ични яхши юргизади, шунингдек, сано ўтидан дамланган чой ҳам ични яхши келтиради.

9. Мусиқатерапия паркинсонизмда жуда фойдали. 2016 йили Италияда паркинсонизмга бағишланган Халқаро симпозиум бўлганди. Ўзи ҳам мусиқага қизиқадиган машҳур невролог олим Паркинсон касаллигининг титроқли тури аниқланган 60 дан ошиқ беморга режали тарзда мусиқатерапия ўтказган. Мусиқатерапия олмаган худди шундай беморлар билан солиштириб ўрганган видеоёзувни 3000 кишилик залда бизга кўрсатиб берди. Натижа ҳайратланарли эди. Бир хил дори ичиб, бироқ мусиқатерапия ҳам ўтказилган беморлардаги самара жуда юқори бўлган.

10. Кислородга бой тоза ҳаво, айниқса, тоғ-ён бағрида бўлиб туриш жуда фойдалидир. Агар имкони бўлса, беморни ҳар якшанба куни сув бўйига, дарахтзор жойларга, тоққа олиб чиқиб туриш керак. Бемор ойлаб уйда ўтириб қолмасин. Энг буюк табиб – бу табиат! Буни мен эмас, тиб илмининг султони Ибн Сино айтган.

“Асаб ва руҳият” илмий-тиббий
маркази директори,
профессор Зарифбой Ибодуллаев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Паркинсонизм қандай касаллик?