Дубайга фоҳишалик учун юборилаётган аёл қутқариб қолинди

Дубайга фоҳишалик учун юборилаётган аёл қутқариб қолинди

Тошкент халқаро аэропортида 20 ёшли аёлни Дубайга фоҳишалик мақсадида юборишга уринган 25 ёшли аёл қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.

Аниқланишича, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида яшовчи 25 ёшли аёл Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида истиқомат қилувчи танишлари билан жиноий тил бириктириб, осон даромад топиш мақсадида Жиззах вилояти Мирзачўл туманида яшовчи аёлнинг ишончига кирган ва уни алдов йўли билан хорижга юборишга уринган.

Гумонланувчи ушбу аёлни чет элдаги танишида юқори даромадли бир нечта бўш иш ўринлари мавжудлигига ишонтирган. У Тошкент халқаро аэропорти орқали Дубай шаҳрига шаҳвоний эксплуатация ва фоҳишалик мақсадида юборилаётган вақтда тезкор тадбир иштирокчилари томонидан далилий ашёлар билан ушланган.

Тергов давомида маълум бўлишича, жабрланувчини Дубай шаҳрида яшовчи яна бир ўзбекистонлик аёл кутиб олиши керак бўлган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси, яъни одам савдоси билан боғлиқ 2-қисм “д” ва “к” бандлари асосида жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Шунингдек, ушбу жиноятга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш ҳамда уларни терговга жалб қилиш бўйича чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар