Ўзбекистон тарихи ва маданиятини янада ёрқинроқ намоён этиш мақсадида мамлакатимиз пойтахтида яна бир улкан иншоотнинг қурилиши бошланди. Президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни Тошкент шаҳрида барпо этиладиган Ўзбекистон Миллий музейи пойдеворига тамал тоши қўйди.
Маросимда маданият ва санъат арбоблари, олимлар, ёзувчи ва адиблар, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Президент нутқида таъкидлаганидек, бугунги кунда юртимиз нафақат иқтисодий, балки маънавий жиҳатдан ҳам ривожланиш йўлини танлаган. Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий мажмуаси ва Олимпия шаҳарчаси каби йирик иншоотлар барпо этилаётгани каби, эндиликда Ўзбекистон Миллий музейи ҳам бунёд этилмоқда.
– Бу музей халқимизга мулк сифатида қолади, уч минг йиллик бой тарихимизни, маданий меросимизни дунё ҳамжамияти ва келажак авлодларга етказадиган улкан маърифат масканига айланади, – деди давлат раҳбари.
Лойиҳа Япониянинг “Tadao Ando Architect & Associates” архитектура бюроси ва Германиянинг “Atelier Brückner” компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Қурилиш ишларини Хитойнинг “CSCEC International Construction” компанияси амалга оширади. Музейнинг ташқи қиёфаси айлана, тўртбурчак ва учбурчак шакллари уйғунлигида бўлиб, Шарқ ва Ғарб маданий меросини ифода этади.
Маълумотларга кўра, ҳозирда Тошкентдаги 30 та музейда 1 миллиондан зиёд экспонат бор, аммо уларнинг кўп қисми залларда намойишга қўйилмаган. Янги музей эса 40 минг квадрат метр майдонда қурилиб, замонавий кўргазма заллари, кутубхона, реставрация лабораториялари ва махсус сақлаш хоналари билан жиҳозланади. Унда бир вақтнинг ўзида 10 мингга яқин экспонат намойиш этилиши мумкин бўлади.
Шунингдек, 4 минг квадрат метрли қўшимча майдонда конференция заллари, аудиториялар, ресторанлар ва болалар майдончалари барпо этилади. Музей ишга тушгач, у Абулқосим мадрасаси, Халқлар дўстлиги саройи ва Миллий боғ билан бирга яхлит меъморий ансамблни ҳосил қилади.
Келгусида мазкур мажмуа Лувр, Метрополитан ва Британия музейлари каби дунёдаги энг машҳур маданий марказлар билан ҳамкорлик қилиб, ноёб экспонатларни мамлакатимизга олиб келиш ва кўргазмалар ташкил этиш имкониятини ҳам яратади.
– Ишончим комил, бу музей юртимиз тарихий салоҳиятини янада ёрқин намоён қилади ва халқимизга кўп йиллар давомида хизмат қилади, – деди Президент Шавкат Мирзиёев маросим якунида.
Шундан сўнг давлат раҳбари мажмуа пойдеворига рамзий капсула жойлаштириб, қурилиш жараёнини расман бошлаб берди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!