Жастин Бибернинг рафиқаси Ҳейли қандай қилиб миллиардлик бизнес қурди?

Бир вақтлар кўпчилик уни машҳур қўшиқчи Жастин Бибернинг рафиқаси ва Болдуинлар оиласининг вакили сифатида танирди. Бугун эса Ҳейли Бибер ўзининг миллиард долларлик косметика бренди, миллионлаб мухлислари ва бутун дунёда оммалашган гўзаллик трендлари билан машҳур.
22 ноябрь куни 30 ёшни қарши олган Ҳейли қисқа вақт ичида моделликдан муваффақиятли тадбиркорликкача бўлган йўлни босиб ўтди. У ижтимоий тармоқлардаги машҳурликни катта бизнесга айлантиришга муваффақ бўлган шахслардан бирига айланди.
Машҳур оиладан мустақил брендгача
Ҳейли 1996 йил 22 ноябрда актёр Стивен Болдуин ва график дизайнер Кения Деодато оиласида туғилган. У машҳур актёр Алек Болдуиннинг жияни ҳисобланади. Шу сабабли болалигиданоқ шоу-бизнес ва машҳурлар давраси билан яқиндан таниш бўлган.
17 ёшида Ford Models агентлиги билан шартнома имзолаган Ҳейли кейинчалик IMG Models билан ҳамкорлик қилди. У Нью-Йорк, Лондон ва Милан подиумларида иштирок этиб, нуфузли журналлар учун суратга тушди. 2018 йилда Жастин Бибер билан турмуш қурганида эса аллақачон моделлик соҳасида ўз ўрнига ва катта аудиторияга эга эди.
Миллионлаб мухлисларни ўзига жалб қилган сир

Ҳейли фақат реклама кoмпанияларида иштирок этиш билан чекланиб қолмади. У ижтимоий тармоқларда кундалик ҳаёти, тери парвариши, макияж ва кийиниш услубини намойиш эта бошлади.
Айниқса, GRWM — Get Ready With Me, яъни «Мен билан бирга тайёрланинг» форматидаги видеолари оммалашди. Унда Ҳейли тадбирларга қандай тайёрланиши, пардоз қилиши ва кийим танлашини кўрсатарди.
Унинг самимий ёндашуви аудиторияга манзур бўлди. Мухлислар нафақат образларига тақлид қилишди, балки фойдаланадиган косметик воситалари билан ҳам қизиқишди.
Ҳейлининг энг машҳур трендларидан бири «Glazed Donut Skin» — глазурланган пончик териси бўлди. Бу намланган, силлиқ ва табиий порлаб турадиган тери кўринишини англатади.
Шунингдек, пушти ёноқлар ва ялтироқ лаблар уйғунлигидаги «Strawberry Makeup» ҳамда глазур тусидаги маникюри кўплаб қизлар орасида оммалашди.
Шу тариқа Ҳейли ўзининг эстетик дидини оммавий трендга айлантиришни ўрганди. Кейинчалик айнан шу машҳурлик унинг шахсий косметика бренди учун мустаҳкам асос бўлди.
Rhode — уч йилда миллиард долларлик бренд

2022 йил июнь ойида Ҳейли ўзининг иккинчи исми билан аталган Rhode косметика брендига асос солди. Дастлабки коллекция атиги учта маҳсулотдан иборат эди.
Бренднинг асосий ғояси оддийликка асосланган: кўплаб косметик воситалардан кўра, кундалик парвариш учун сифатли ва самарали маҳсулотларни таклиф қилиш.
Ҳейли маҳсулотларни ишлаб чиқишда мутахассислар, жумладан, косметика кимёгари Рон Робинсон билан ҳамкорлик қилди. У маҳсулотларнинг таркиби, текстураси ва натижасига алоҳида эътибор қаратди.
Rhode минималистик дизайни ва ўзига хос маркетинги билан ҳам ажралиб турди. Масалан, лаб балзами учун махсус жойи бўлган телефон ғилофи ижтимоий тармоқларда тез оммалашди.
Бир миллиард долларлик келишув

2025 йил май ойида e.l.f. Beauty компанияси Rhode брендини сотиб олиш бўйича келишувга эришилганини эълон қилди.
Битим қиймати бир миллиард долларгача баҳоланди. Унга кўра, 800 миллион доллар тўланиши, бренднинг келгуси натижаларига қараб эса қўшимча 200 миллион долларгача маблағ ажратилиши белгиланди.
Бундан ҳам қизиғи, Rhode 2025 йил 31 мартда якунланган 12 ой давомида 212 миллион доллар соф савдо ҳажмига эришган эди. Бу натижа бренд ташкил этилганидан атиги уч йил ўтиб қайд этилди.
Битим 2025 йил август ойида якунланди. Ҳейли эса бренд асосчиси сифатида фаолиятини давом эттириб, Rhode’нинг креатив директори ва инновациялар йўналиши раҳбарига айланди. Шунингдек, e.l.f. Beauty компаниясининг стратегик маслаҳатчиси лавозимини ҳам эгаллади.
Ҳейли Бибер муваффақиятининг сири нимада?

Ҳейлининг машҳур оилада туғилгани ва таниш-билишлари унга дастлабки имкониятларни бергани рост. Бироқ унинг бизнесдаги натижаларини фақат шу омиллар билан изоҳлаб бўлмайди.
У аудиториясининг қизиқишларини яхши тушунади, гўзаллик трендларини ўз вақтида илғайди ва уларни маҳсулотга айлантира олади. Бундан ташқари, Rhode фақат косметика эмас, балки ўзига хос эстетика ва турмуш тарзини ҳам таклиф қилади.
Ҳейли профессионал жамоа билан ишлаш, сифатли маҳсулот яратиш ва самарали маркетингни бирлаштиришга муваффақ бўлди.
Унинг 30 ёшгача эришган натижалари шуни кўрсатадики, ижтимоий тармоқлардаги машҳурлик тўғри стратегия ва меҳнат билан катта бизнесга айланиши мумкин. Бир вақтлар асосан машҳур қўшиқчининг рафиқаси сифатида танилган Ҳейли бугун ўз номи билан миллиард долларлик бренд яратган тадбиркор сифатида ҳам эътироф этилмоқда.
Кейинги янгилик

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…