Ўзбек санъатининг актёри, режиссёр, ҳажвий қўшиқлар ва сўз устаси Шерқўзи Ғозиев 75 ёшида вафот этди, деб хабар берди Маданият вазирлиги.
Шерқўзи Ғозиев 1950 йилда Фарғона вилояти, Бувайда тумани, Чиркай қишлоғида таваллуд топган. Тошкент политехника институтининг қурилиш факултетини тамомлаган. Сўнгра Тошкент маданий оқартув техникумининг режиссёрлик бўлимида 3 йил ўқиган.
1971 йилда Островский номли институтнинг актёрлик бўлимига сиртдан ўқишга кириб, 1976 йили муваффақиятли тугатди. 1970 йилдан «Телеминиатюралар театри»да роллар ижро этишни бошлади. 1978 йилдан Ўзбек давлат филармониясида ишлай бошлади.
1990 йилда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳамкорлигида суратга олинган «Чангалзор қироли» филмида зоотехник ролини ижро этди. Шунингдек, «Шерхон» студиясини очиб, ҳиндлар билан ҳамкорликда 2006 йилда «Шерхон тракторчи» кинокомедиясини, 2008 йилда «Ёлғиз эмассан» мелодрама филмларини тасвирга олди.
Шунингдек, актёр «Келинлар қўзғолони», «Тангалик болалар», «Темир хотин», «Темир эркак», «Олтин девор», «Сарвиноз 2», «Жиблажибон» каби филмларда ҳам суратга тушган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!