Устоз санъаткор Хадия Юсупова 88 ёшида вафот этди

Ўзбекистон маданияти ва мақом санъати оғир йўқотишга учради. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, профессор, таниқли мақом хонандаси ва устоз санъаткор Хадия Юсупова 88 ёшида вафот этди.
Мазкур қайғули хабарни Ўзбек миллий мақом санъати маркази маълум қилди. Узоқ йиллар давомида миллий мусиқа ва мумтоз қўшиқчилик санъати ривожига беқиёс ҳисса қўшган санъаткорнинг вафоти мухлислари ва шогирдларини чуқур қайғуга солди.
Хадия Юсупова 1938 йил сентябрь ойида Наманган шаҳрида таваллуд топган. У болалигиданоқ санъатга меҳр қўйиб, жуда эрта ёшдан қўшиқ ижро этишни бошлаган. Истеъдоди туфайли қисқа вақт ичида кенг жамоатчилик эътиборини қозонган.
Санъаткор 1956 йилда Москвада ўтказилган халқаро ёшлар фестивалида ғолиб бўлиб, кейинчалик Ўзбекистон давлат филармонияси сафида фаолият бошлаган. Шунингдек, у Ўзбекистон радиоси қошидаги ансамблда ўз даврининг машҳур санъаткорлари билан бирга ижод қилди.
1958 йилдан бошлаб эса машҳур бастакор ва академик Юнус Ражабий раҳбарлигидаги “Мақом” ансамбли таркибида фаолият юритиб, миллий мақом санъатининг ноёб намуналарини юқори маҳорат билан ижро этди. Унинг ижросидаги кўплаб мумтоз ашулалар мамлакат мусиқа хазинасининг ажралмас қисмига айланган.





























Изоҳлар 0
…