«Instagram»ига қараб билганман». Шаҳзод Султонов нега 18 ёшли қизни танлади?

Актёр Шаҳзод Султонов YouTube’даги “Чотки TV” каналига берган интервьюсида бўлажак рафиқаси билан танишуви, уни танлашда эътибор қаратган жиҳатлари ҳамда улар ўртасидаги ёш фарқи ҳақида гапирди.
«16 ёшимдан ишлай бошлаганман»

Шаҳзод Султонов болалигидан мустақилликка ўргатилганини ҳам эслади.
Унинг сўзларига кўра, отаси қаттиққўл, онаси эса меҳрибонроқ бўлган. 16 ёшидан турли ишлар қилиб, ўз эҳтиёжлари учун маблағ топишга ҳаракат қилган.
— Ота-онамнинг тарбияси бугунги даражага етишимда катта аҳамият касб этган. Атрофимдаги инсонларни кузатиб, ҳаётдан хулоса чиқаришга одатланганман, — деди актёр.
Шунингдек, у зарарли одатлардан узоқ юришга ҳаракат қилишини, спорт билан шуғулланиш ва соғлом турмуш тарзи унга етарли эканини таъкидлади.
«Instagram»и мени ушлаб қолган»

Шаҳзод Султоновнинг айтишича, у қиз танлашда аввало номзоднинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига эътибор қаратади.
— Менга тавсия қилинган қизларнинг Instagram саҳифасини кўриб, улар билан гаплашмасдан туриб ҳам қарор чиқарган пайтларим бўлган. Инсоннинг ижтимоий тармоқдаги фаолияти унинг дунёқараши ҳақида маълум тасаввур беради. Буни каромат эмас, балки кузатув ва фаросат билан айтяпман — дейди актёр.
Унинг таъкидлашича, бўлажак рафиқаси билан танишганда ҳам биринчи бўлиб Instagram саҳифасини кўрган. Қизнинг аккаунти ёпиқ бўлиб, унда асосан табиат манзаралари ва ўқиш билан боғлиқ суратлар жойланганини кўрган.
— Ундан ижтимоий тармоқлар ҳаётида қанчалик аҳамиятга эга эканини сўраганимда, бу нарса мен учун муҳим эмас, деган жавобни берган. Айнан шу жавоб мени қизиқтирган, — деди Шаҳзод Султонов.
«Ўртамизда 12 ёш фарқ бор»

Актёрнинг маълум қилишича, у ҳозир 30 ёшда, бўлажак рафиқаси эса 18 ёшда.
— У тиббиёт соҳасида иккинчи курс талабаси. Касби ҳам менга маъқул бўлди. Суҳбатлашганимизда қарашларимиз, ҳаётга муносабатимиз бир-бирига мос келганини сездик. Менга ёқадиган нарсалар унга ҳам ёқар экан, унга ёқмайдиган жиҳатлар менга ҳам маъқул эмас. Тақдир экан, танишдик ва бир-биримизга маъқул келдик, — деди актёр.
«Ота-она розилиги муҳим»
Султоновнинг сўзларига кўра, қиз томони дастлаб унинг ёшлиги сабабли иккиланган. Шу боис улар ота-онанинг розилигини кутишга қарор қилган.
— Мен ҳар доим ота-онани норози қилиб қурилган оила ҳақиқий бахтга эриша олмайди, деб ҳисоблайман. Келажакда баракали ва бахтли ҳаёт кечириш учун аввало ота-онани хурсанд қилиш керак. Уларнинг дуоси инсон ҳаётига барака олиб киради, — деди у.
«Оилада ота ҳам, она ҳам муҳим»

Суҳбат давомида актёр оила ва тарбия мавзусига ҳам тўхталди. Унинг айтишича, бугунги кунда ажрашаётган оилалар сони ортиб бораётгани ташвишли ҳолат.
— Фарзанд учун ҳам ота, ҳам она тарбияси муҳим. Шунинг учун имкони борича муросага келиб, оилани сақлаб қолишга ҳаракат қилиш керак, — деди у.





























Изоҳлар 0
…