“Алкимёгар” романи бразилиялик ёзувчи Пауло Коэльо томонидан ёзилган дунёга машҳур асарлардан бири ҳисобланади. Асар дунёнинг 120га яқин давлатида чоп этилган, 60га яқин хорижий тилга таржима қилинган. Хўш, асар нега бу даража машҳур бўлди?
Асар ҳақида сўз юритадиган бўлсак, асар тўқима образ чўпон бола Сантяго ва унинг саёҳати ҳақида кетади.
Ёзувчи ўз фикрларини асар образларининг ўзаро суҳбатлари орқали тасвирлаб ўтган. Мисол учун, Салим подшоҳ ва Сантягонинг суҳбатини олайлик. Подшоҳнинг айтишича, бу сайёрада бир улуғ ҳақиқат мавжуд: сенинг кимлигингдан ва нима қилаётганингдан қатъи назар, қачонки сен бир нимани чин юракдан истасанг, бунга эришасан, чунки шундай истак Олам Қалбида ҳам яралади. Бу сенинг Ердаги насибангдир. Теологик (диний) назарияларга мурожаат қиладиган бўлсак ҳам уларда инсон доим яхши ният қилиши, тинмай ҳаракат қилиши ва Яратгандан сўраши лозимлиги, натижада ўз орзусига эришиши мумкинлиги ҳақида айтилади. Ёзувчи бу суҳбат орқали доим орзу йўлида ҳаракатни давом эттиришни тавсия қилади.
Асарнинг бир жойида Қария (Салим подшоҳ) Сантягога бахт ҳақида бир ҳикоя айтиб беради. Бир савдогар ўғлини бахт нима, унинг қандай сир-асрорлари бор, билсин деб энг машҳур донишманд ҳузурига юборибди. Ўғлон қирқ кеча-кундуз саҳро кезиб, ниҳоят тоғ тепасидаги ажойиб бир қалъани кўрибди. Бу қалъада у излаб юрган Донишманд яшар экан. Кутилганидек, қалъа донишманднинг узлатга чекинган кимсасиз кулбасига сира ҳам ўхшамас, аксинча, одам билан тўла эди: савдогарлар лаш-лушларини кўрсатиб у ёқ бу ёққа чопқиллашар, баъзилари бурчак-бурчакларда гаплашиб туришар, мўъжазгина созандалар гуруҳи майин куй ижро этар, залнинг ўртасида, бу ўлкада топса бўладиган жамики ноз-неъматларга тўла тўкин дастурхон тортилган. Донишманд бамайлихотир меҳмонлар билан бир-бир кўришиб-сўрашиб чиқади ва йигитчанинг навбати етгунча роса икки соат кутишига тўғри келади. Ниҳоят Донишманд унинг ташрифидан кўзлаган мақсадини эшитади, бироқ бахт нималигию, унинг қандай сир-асрорлари борлигини ҳозир тушунтириб ўтиришга вақти йўқлигини айтади. Йигитчага қалъани томоша қилиб, айланиб чиққин, икки соатдан кейин шу жойга келасан, деб тайинлайди.
«Дарвоқе, сендан яна бир сўровим бор, — дейди у йигитчага икки томчи мой солинган чой қошиқни узатиб. — Бу қошиқчани олгин, қара, тағин мой тўкилмасин». Йигитча, кўзини қошиқчадан узмай, зиналардан чиқиб-тушиб саройни айланади, икки соатдан сўнг яна Донишманд қошида ҳозир бўлади. «Хўш, — дейди Донишманд, — ошхона залидаги форсий гиламлар сенга ёқдими? Боғдаги дов-дарахтлар, гулзорларчи? Уларни қўли гул боғбонлар ўн йил деганда барпо этишган. Менинг кутубхонамдаги эски қалин китоблар, терига битилган қўлёзмаларчи?». Ўсал бўлган йигитча буларни кўрмаганини тан олади, зотан қалъани айланганда у бутун диққатини хўжайин қўлига ишониб топширган чой қошиқдаги мойдан узмаган эди. «Изингга қайт ва менинг уйимдаги мўъжизаларни томоша қил, — дейди Донишманд. — Туриш-турмушини кўриб билмаган одамингга қандай ишонасан». Йигитча қўлида қошиқ билан яна саройни айлангани жилади. Бу сафар у олдингидай диққат бўлмай, хоналарни безаб турган камёб жиҳозларни, санъат асарларини кўриб чиқади. У боғларни ва қалъани ўраб турган қояларни кузатади, гулларнинг ва сурату ҳайкалларнинг гўзаллигини ўзича баҳолайди. Донишманднинг олдига қайтгач, у кўрганларининг ҳаммасини оқизмай-томизмай айтиб беради. «Икки томчи мой қани, мен сенга тўкиб қўйма деб тайинлагандим?» — сўрайди Донишманд. Шунда йигитча қошиқчадаги мойнинг тўкилганини пайқайди. «Мана шу мен сенга берадиган бирдан-бир маслаҳат, — дейди унга донолар доноси. — Бахтнинг сиру асрори дунёнинг бор жозибасию тароватини кўра билишда ва айни пайтда чой қошиқдаги икки томчи мойни ҳам ҳеч қачон ёддан чиқармасликда».
Фото: goodreads.com
Фикримча, ёзувчи икки томчи мой тимсолида ҳар қандай вазиятда ҳам инсон ҳеч қачон ўзлигини ва ердаги асл вазифасини унутмаслиги кераклиги ҳақида айтиб ўтган.
Яна бир жойида Лўли кампирнинг Сантягога айтган сўзлари ўқувчининг диққатини тортади. Тангри ҳар бир одамнинг бу дунёдаги йўлини белгилаб қўяди, сен у ёққа ана шу белгилар орқали йўл топасан. Фақат сен белгиларни — нималар ёзиб қўйилганини ўқий билсанг бас. Албатта, агар орзуга чин дилдан ишонилса, ҳаёт давомида Яратган томонидан бандаларига маълум белгилар бериб борилади. Дилимга солди, деган жумлалар бежиз эмас.
Асарнинг кулминацион нуқтаси сифатида мен қуйидаги фикрлар берилган жойни деб биламан. Маъноси шундай. Инсон орзуси нега ушалавермайди? Бунга тўртта тўсиқ халақит беради доим. Биринчиси, ёшлигингизда катта орзу қилганингизда (президент, фазогир ва ҳоказо) атрофдаги яқинларингиз ушалмайдиган орзу қилма, деб уқтиради. Бу биринчи хавф. Умидсизлик шундан келиб чиқади одатда. Иккинчиси жуда кўпчилигимиз дуч келадиган севги-муҳаббатдир. Баъзан инсонлар севги ҳаётимга тўсиқ бўлади, деб ҳисоблайди. Аслида тескариси. Ҳаракатга рағбат бўлади. Севги тўсиқ эмаслигини тушунганда эса учинчи ғов пайдо бўлади. У омадсизлик ва мағлубиятлардан қўрқиш ҳиссиёти. Ҳаёт фақат синовдан иборат шуни унутмайлик. Ҳар синовни енгганингда мукофоти берилади. Улардан қўрқмаслик керак аслида. Тўртинчи тўсиқ эса жуда ғалати лекин амалиётда учрайди. Инсон орзусига етишганда ўйланиб қолади, мен бунга мос эмасман дейди. Меҳнатининг самарасидан воз кечади. Барча кўрган қийинчиликларини унутади. Мен бу босқични ғалабанинг кушандаси, деб атаган бўлардим.
Хулоса қилиб айтсак, асар мазмунга бой. Мутолаа қилишга тавсия қиламан. Асарни ҳаёт ҳақиқатлари акс этган қўлланма десак муболаға бўлмайди.
Зафарбек Солижонов
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Хитой Доналд Трампнинг BRICS аъзоларига нисбатан таҳдидларига жавоб берди
Илон Маск: Америка Қўшма Штатлари банкротлик ёқасида!
Эрдўған Путин билан Суриядаги вазиятни муҳокама қилди
Башар Асад режими Суриянинг муҳим ҳудудлари устидан назоратни йўқотмоқда
«Ўзгидромет» ҳафталик прогнозни эълон қилди
Трампнинг маслаҳатчилари Украина учун тинчлик режасининг учта асосий вариантини таклиф қилишмоқда
Прокуратура терговчиси 20000$ пора олаётганда қўлга тушди
Дунёда шундай қишлоқ бор: унга эркаклар кириши тақиқланган