Нью-Деҳлидаги ёнғинда Ўзбекистон фуқароси ҳам ҳалок бўлди

Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳлининг жанубий қисмида жойлашган меҳмонхонада юз берган йирик ёнғин оқибатида камида 13 нафар хорижий давлат фуқароси ҳалок бўлди. Улар орасида бир нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам борлиги маълум қилинди. Бу ҳақда Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Рандхир Жайсвал ТАСС агентлигига маълумот берди.
Унинг сўзларига кўра, қурбонлар орасида Мозамбикдан 1 нафар, Нигериядан 4 нафар, Қирғизистондан 3 нафар, Ўзбекистондан 1 нафар, Бангладешдан 1 нафар, Либериядан 1 нафар, Конгодан 1 нафар ва Ироқдан 1 нафар фуқаро бўлган.
Шунингдек, 20 нафардан зиёд хорижлик тан жароҳати олган. Ҳиндистон ҳукумати тегишли элчихоналар билан ҳамкорлик олиб бораётгани, жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатилаётгани ва зарур ҳужжатлар расмийлаштирилаётганини билдирган.
Аввалроқ маҳаллий ОАВ қурбонлар сони 18 нафар хорижликка етиши мумкинлигини хабар қилган эди.
Ёнғин 3 июнь куни эрталаб меҳмонхонада бошланган. Ҳодиса оқибатида жами 21 киши ҳалок бўлган, 47 нафар инсон қутқариб қолинган. Ҳозирда ёнғин келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда, меҳмонхона эгаси эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳибсга олинган.





























Изоҳлар 0
…