“Сувараклар партияси” намойиши ортидан олти киши ҳибсга олинди

“Сувараклар партияси” намойиши ортидан олти киши ҳибсга олинди

Ҳиндистон пойтахти Нью Деҳли шаҳрида мамлакат таълим вазири Дҳармендра Прадҳанга қарши ташкил этилган норозилик акцияси вақтида олти нафар иштирокчи ҳибсга олинди. Associated Press маълумотига кўра, акция ташаббускори ижтимоий тармоқларда қисқа муддат ичида 15 миллиондан зиёд обуначи жамлаб, катта машҳурликка эришган сатирик “Сувараклар партияси” бўлган.

Мазкур ҳаракат Ҳиндистон Олий суди судьяси Суря Кантнинг ишсиз ёшларнинг бир қисмини суваракларга қиёслаган баҳсли баёнотидан кейин шаклланган. Бу сўзлар жамоатчилик орасида кенг муҳокама ва норозиликларга сабаб бўлган.

Акцияда юзлаб фуқаролар, жумладан, ҳаракат асосчиси Абхижит Дипке ҳам қатнашди. АҚШдан Ҳиндистонга келган Бостон университети талабаси ва сиёсий коммуникациялар бўйича мутахассис ҳисобланган Дипке намойишчилар билан бирга қатнашди. Иштирокчилар китоблар, миллий байроқлар, гуллар ҳамда суварак тасвири туширилган ниқобларни кўтариб юришди. Намойиш қатнашчиларининг асосий қисмини талабалар ва ёш мутахассислар ташкил қилди.

Шанба куни бўлиб ўтган митингда қатнашчилар имтиҳонларни ташкил этишдаги қоидабузарликлар билан боғлиқ можаролар ортидан таълим вазири Дҳармендра Прадҳаннинг истеъфосини талаб қлди. Кейинчалик акция фақат таълим соҳасидаги муаммолар билан чекланиб қолмай, ёшларнинг иш топиш имкониятлари, иқтисодий қийинчиликлар ва келажак истиқболларига оид умумий норозиликка айланди.

Полиция маълумотига кўра, ҳибсга олиш чоралари намойиш иштирокчилари ўртасида эҳтимолий тўқнашувларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилган.

Акция якунида ҳаракат вакиллари таълим вазиридан етти кун ичида лавозимини тарк этишни талаб қилди.

Митинг иштирокчилари “Сувараклар келмоқда — Дҳармендра Прадҳан кетмоқда!” деган шиорлар билан чиқиб, ҳукуматни ёшлар муаммоларига жиддий эътибор қаратишга чақирди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар