
Нидерландияда ўтаётган нуфузли “Эйндховен кубоги” мусобақасининг ҳал қилувчи финал босқичи мухлислар учун кутилмаган ва баҳсли воқеаларга бой бўлди. Хусусан, -70 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Асадхўжа Мўйдинхўжаев ва қозоғистонлик тажрибали боксчи Аблайхан Жуссупов ўртасидаги тўқнашув барча учун шубҳали тугади.
Жангнинг илк раунди нисбатан тенг курашларда ўтди. Аммо иккинчи раундга чиқиш олдидан қозоғистонлик боксчи жароҳат олганини билдириб, рингга чиқишдан бош тортди. Мухлислар ва мутахассислар вазиятни Асадхўжанинг техник ғалабаси деб баҳолашни кутган бир пайтда, ҳакамлар ҳайъати томондан тушунарсиз ва шубҳали қарор қабул қилинди — 2:3 ҳисобидаги ғалаба қозоғистонлик спортчига топширилди.
Бу қарор жангни кузатган кўплаб мутахассислар ва спорт журналистлари томонидан жиддий муҳокамага сабаб бўлди. Аслида жароҳат сабаб жангни давом эттира олмаган спортчи мағлуб деб эълон қилиниши керак эди. Аммо ҳакамлар ҳайъатининг ноодатий ёндашуви натижасида юртимиз боксчиси финалда “расман” ютқазган сифатида қайд этилди.
Шу билан бирга, ўзбекистонлик спортчилар мусобақада юқори натижалар кўрсатиб, мамлакатимиз байроғини яна бир бор халқаро ареналарда баланд кўтаришди. Бу жангдаги натижа қанчалик баҳсли бўлмасин, Асадхўжа Мўйдинхўжаевнинг профессионал ҳаракати ва рингдаги устунлиги мухлислар кўз ўнгида қолди.
Айни пайтда, “Эйндховен кубоги” финалидаги кейинги муҳум баҳс — Тўрабек Хабибуллаев ва венгриялик Кисс Милан ўртасидаги тўқнашув бўлиб ўтади. Барча юртдошларимиз ушбу жангда яна бир ғалабани кутмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси ушбу турнирда тўлиқ ғалабали статистика билан финалга етиб келгани эътирофга лойиқ.
Бокс — нафақат муштлашув, балки адолат ва профессионал баҳолашга асосланган спорт тури. Ушбу воқеа эса ҳакамлик тизимига нисбатан яна бир бор саволлар туғдирди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар