Канталехо Негрейра иши бўйича доғ ҳеч қачон кетмаслигини айтди

26 июн куни Испания қироллик футбол федерацияси ҳакамлар Техник қўмитаси (CTA) раҳбариятини тўлиқ таркибда истеъфога чиқарди. Улар орасида қўмита президенти Медина Канталехо ҳам бор эди. Бу қадам аввалроқ берилган ваъда — испан ҳакамлигини янгилаш жараёнининг бир қисми сифатида изоҳланди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Орадан етти ой ўтиб, собиқ раҳбар ҳамкасблари фаолияти ва «Негрейра иши» бўйича фикр билдирди.
«Қарор имкон қадар тезроқ чиқишини истайман. Жамият бу ишда адолат талаб қилиши керак, чунки CTA вице-президентига “Барселона” томонидан пул тўланган. Бу бир неча авлодга тааллуқли масала, барчамиз учун уят. Бунинг учун кимдир жавоб бериши шарт», — дея Канталехонинг сўзларини Canal Sur Radio келтирди.
«Ҳакамларнинг бирортаси бунга алоқадор деб ўйламайман, аммо шундай бўлса, улар ҳаммамизга етган зарарни қоплаши керак. Қандай бўлмасин, бу доғ ҳеч қачон ўчмайди», — деди у.
Канталехо ҳакамлар сулоласидан: унинг отаси ва бобоси ҳам Испания чемпионати ўйинларида ишлаган. У 2006 йилги жаҳон чемпионати финалида Зинедин Зиданни майдондан четлатган ҳакам сифатида ҳам ёдда қолган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!