17:45 / 24.01.2019
3 598

Осиёда VAR ва Ўзбекистондаги интернет. Йирик турнирларни қабул қила оламизми?

Осиёда VAR ва Ўзбекистондаги интернет. Йирик турнирларни қабул қила оламизми?
2019 йилги Осиё Кубогида илк марта VAR тизими (видеотакрорлардан фойдаланиш) жорий қилинди. Бу тизим турнирнинг бошидан эмас, фақат чорак финалдан қўлланилиши кўпчиликни ҳайрон қолдирган бўлиши табиий. Бунинг ҳам ўзига хос объектив сабаблари бор.

Нега чорак финалдан?
Эсингизда бўлса, ўтган йилларда ФИФА ҳам бу тизимни қўллашга шошилмаган, бу янгиликка анча скептик ёндашганди. Россияда ўтган жаҳон чемпионати келажакда қандай йўлдан бориш кераклигини узил-кесил ҳал қилди. Ўша турнирда бу тизим ижобий баҳо олди, синовдан жуда яхши ўтди. Шундан кейингина, ФИФА бу борада ўз йўлини белгилаб олди, конфедерацияларга тавсиялар берди. Шунинг учун ҳам ОФК, менимча, бу йўналиш учун инвестиция қилишга шошилмаган, ЖЧ-2018 турнирини ва ФИФАнинг хулосасини кутган. Чунки тизим жаҳон чемпионатида ўзини оқламаслиги ва номаълум муддатга кечиктирилиши ҳам мумкин эди.

Ўтган олти ой давомида ОФК ҳам бу йўналишда иш олиб борди, Осиё кубоги учун VAR тизимини ишга туширишга ҳаракат қилди. Фақат бугунги кунда, бу тизим билан майдонда ишлай оладиган ва VAR ҳаками сифатида ишлаш малакаси бўлган ва тегишли лицензияга эга ҳакамлар сони чекланган. Осиё кубогидаги ҳакамлар ичида VAR ҳаками сифатида ишлаши мумкин бўлганлар сони 16 нафар. Улар ичида бошқа конфедерациялардан таклиф этилганлар ҳам бор. Улар – Сезар Артуро Рамос (Мексика), Паоло Валери (Италия) ва Данни Маккели (Нидерландия). Бу рўйхатда Равшан Эрматов ҳам бор.

Ёрдамчи VAR ҳаками бўла оладиган мутахассислар сони эса – 20 нафарни ташкил этар экан. Улар ичида Эрматовдан ташқари, бошқа бир ҳамюртимиз Жаҳонгир Саидов ҳам ўрин олган. Масалан, Равшан Эрматов чорак финалнинг биратўла икки ўйинига тайинланганига эътибор беринг. Жанубий Корея – Қатар ўйинини у майдонда бошқарса, (VAR ҳаками сифатида Эрматовга Паоло Валери ёрдам беради), Хитой – Эрон ўйинида у VAR ҳаками Данни Маккелига ассисентлик қилади.

Хуллас, бу сон билан гуруҳ босқичини ўтказиш назарий томондан имконсиздир. Чунки ҳакам тайинлашда, бош ҳакам, унинг ёрдамчилари, VAR ҳакам ва унинг ёрдамчилари иштирокчи терма жамоалар билан бир мамлакатдан бўлмасликлари, ўша гуруҳдаги бошқа жамоаларга ҳам «бегона» бўлишлари, ва ҳатто ўша гуруҳ жамоаларига кейинги босқичда рақиб бўлиши мумкин бўлган мамлакатлардан бўлмаслиги керак. Шунингдек, ўйинлар турли шаҳарларда ва қисқа вақт оралиғида бўлиб ўтади. Бу шароитларда, кам сонли VAR ҳакамларини тақсимлаш имконсиз бўлиб қолади. Чорак финалдан бошлаб ўйинлар сони камаяди, вариантлар ошади. Руйхатдаги ҳакамлар ўйинларни бошқариш учун етарли бўлади.

Шу ўринда, аслида бутун турнир давомида VAR тизими тест (оффлайн) режимда ишлаганини ҳам айтиб ўтиш керак. Барча ўйинларда VAR тизими ишлади, фақат ўйинга таъсир кўрсатилмади холос.

Хўш, видеотакрорлар қандай вазиятлар учун қўлланилади?
ФИФА ташкилотининг расмий сайтида бу аниқ ва содда шаклда тушунтириб берилган. Видеотакрор асосан қўйидаги тўрт хил ҳолатни аниқлаштиришда қўлланилиши белгиланган.

Голнинг ҳаққонийлигини аниқлаш. Мисол учун, футболчи офсайдда қолган ҳолатда ёки қоида бузиш орқали рақиб дарвозасини ишғол қилса, видеотакрордан фойдаланган ҳолда, ҳакам қарор чиқариши, дастлабки қарорини ўзгартириши мумкин. Тўп дарвозага киргач, ўз-ўзидан ўйинда узилиш содир бўлади, яъни бу ерда ўйин суръатининг тушиши ҳақидаги гаплар ортиқча.

Пенальти бор ёки йўқлигини аниқлаш. Пенальтининг белгиланиши ёки белгиланмаслиги ҳам ўйин натижасига таъсир қиладиган муҳим қарорлардан бири. Жарима майдонида қоида бузилгани ёки бузилмагани видеоассисент ёрдами билан аниқлаштирилиши мумкин.

Қизил карточка. Қизил карточкага лойиқ қоида бузилиши ёки вазиятнинг қизил карточкага «тортмаслиги»ни аниқлаш учун ҳам, видеотакрорга мурожаат қилиниши мумкин. Бу ерда фақат тўғри-тўғри қизил карточкалар назарда тутилган, иккинчи сариқ карточка эмас. Масалан, Эронга қарши ўйинда Криштиану Роналдуга видеотакрордан кейин сариқ карточка кўрсатилганди. Аслида, тизим сариқ карточка кўрсатиш учун эмас, қизил карточка бор ёки йўқлигини аниқлаштириш учун қўлланилган эди. Қизил карточкага тортмаслиги маълум бўлгач, сариқ карточка билан кифояланилди.

Футболчиларни чалкаштириб юбориш. Мисол учун, ҳакам қоида бузган ёки рақибини урган бир футболчи қолиб, ёнида турган шеригини жазолаб юбориши, бутунлай бошқа одамга сариқ ёки қизил карточка кўрсатиб юбориши мумкин. Бу ҳолат ҳам видеотакрор ёрдамида тузатилади.

Тўп майдон ташқарисига кимдан чиқиб кетди? Майдон марказида қоида бузилдими ёки йўқми? Бу футболчига сариқ карточка кўрсатиш керакми ёки йўқми? Шу ва шу каби бошқа саволлар билан видеоассисент шуғулланмайди.

Тизим қандай тамойиллар асосида ишлайди?
Майдон атрофидаги турли нуқталарга йигирмадан ортиқ камералар жойлаштирилади. Ҳар бир камерадаги тасвир VAR ҳаками ва унинг ёрдамчилари томонидан кузатилади. Вазият содир бўлганда, уни турли камералардан кузатиб, баҳолаш учун энг мақбул камераларни топиш ҳам VAR ёрдамчилари томонидан амалга оширилади.

Биринчи босқич. Бош ҳакам юқоридаги тўртликка кирадиган маълум бир вазиятда видеотакрорга муҳтож бўлиб қолса, ишора беради. Ёки видеоассисент бирор вазиятда ҳакам адашганини кўрса, ҳакамга ушбу вазиятни видеотакрорда қайта кўришни тавсия қилади.

Иккинчи босқич. Бир неча камерадан лавҳаларни кузатиб ўтирган ёрдамчи энг мақбул ракурсдаги видеони майдон четидаги мониторга жўнатади.

Учинчи босқич. Ҳакам видеони кўриб, ўз қарорини айтади. У видеотакрорни кўргандан сўнг, дастлабки фикрида қолиши ҳам, видеоассисентнинг маълумоти асосида қарорини ўзгартириши ҳам мумкин.

Мисол учун. Тўп дарвозага киритилди, ҳакам офсайд бор ёки йўқлигига шубҳаланса, видеотакрорни кўриб, қарор қилишни исташи мумкин. Ёки бош ҳакам гол деб ҳисоблади, лекин видео олдида ўтирган ёрдамчи офсайд бўлганини кўрди. Ёрдамчи бош ҳакамга офсайд бўлганини айтади. Бош ҳакам ёрдамчи тавсияси билан такрорий лавҳани кўради. Ва қарорини ўзгартириши ёки ўзгартирмаслиги мумкин.

Бу ерда энг муҳим ва эътибор берилиши керак бўлган нуқта шундаки, барибир якуний қарор бош ҳакам зиммасида қолмоқда. VAR унга техник томондан кўмак берадиган, вазиятни кўрмай қолиш, баҳолай олмай қолиш каби муаммоларга дуч келганда қўллайдиган восита холос. Худди ҳакамларнинг ён чизиқдаги ёрдамчилари билан мулоқот қиладиган воситалар каби тушуниш мумкин. Яъни VAR натижасида, футболни тушуниш, майдонни ҳис қилиш йўқолади, ҳаммаси роботлашиб кетади деган хулосага бориш хатодир.

Ўзбекистон йирик мусобақаларга мезбонлик қилиши мумкинми?
Бу ҳам тез-тез тилга олинадиган ва мухлисларимиз орзу қиладиган воқеалардан бири. Президент ҳам яқинда мамлакатимизда Осиё ўйинларини ўтказишга ҳаракатлар бошланиши кераклиги ҳақида айтиб ўтди. Осиё кубоги каби жиддий мусобақанинг ҳам қачондир Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Қарши, Фарғона ва бошқа шаҳарларимизда қабул қилсак жуда яхши бўларди. Биз бунга тайёрмиз, амалга оширса бўладиган иш, дейилади кўпинча.

Бунинг учун бизда шароитлар борми? Айнан VAR тизими ҳақидаги мақолада бу мавзуни очганимнинг сабаби бор. Албатта, стадионларни турнирга тайёрлаш, шаҳарлар инфратузилмасини, меҳмонхона ва йўлларни мослаштириш тажрибаси бизда етарли бўлиши мумкин. Эплармиз ҳам. Аммо бугунги даврда фақат қурилишлар билан керакли даражага чиқа олиш имконсиз бўлишини ҳам айтиб ўтиш керак.

Масалан, БААдаги Осиё кубогида VAR маркази Абу Дабида жойлашган экан. Ал Айн, Дубай, Шаржадаги стадионларга ўрнатилган 20дан ортиқ камералар ёрдамида тасвирга олинган видеокадрлар онлайн тизимда Абу Дабидаги марказга узатиб турилади. У ердан VAR ёрдамчилари вазиятларни таҳлил қилиб боришади. Яъни, бу тизим ишлаши учун, секундига гигабайтлаб ҳажмдаги материаллар интернет ёрдамида давомли тарзда етказиб турилиши керак. Энди тасаввур қилиб кўрдингизми?

Бунинг учун интернет тезлигимиз ўн баробар эмас, юз баробар ва ростан ҳам ошиши керак бўлади.
Қаҳрамон Асланов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Осиёда VAR ва Ўзбекистондаги интернет. Йирик турнирларни қабул қила оламизми?