Россия авиациясида янгилик: ПД-8 двигатели сертификатга эга бўлди

Россия авиация саноати учун муҳим воқеа юз берди: импорт ўрнини босувчи “Супержет” самолётлари учун мўлжалланган янги ПД-8 двигатели ҳамда Ил-114-300 йўловчи лайнери расмий тур сертификатларини қўлга киритди. Бу куч қурилмаси барча сертификатлаштириш синовлари дастурини муваффақиятли якунлаганини ва парвозга яроқлилик нормаларига тўлиқ мос келишини англатади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
ПД-8 двигатели — парвоз режимида 8 тонна тортиш кучига эга бўлган тўлиқ маҳаллий ишланмадир. Ушбу двигател яқин масофага учувчи “Супержет” самолётлари учун махсус лойиҳалаштирилган бўлиб, келажакда бошқа турдаги ҳаво кемаларида, жумладан, Бе-200 самолётларида ҳам қўлланилиши мумкин. Синов жараёнларида махсус стендлар, учар лабораториялар ва тажриба самолётларидан фойдаланилди.
Тажриба намуналарининг умумий иш вақти 6500 соатдан ошиб кетди. “Ростех” корпорацияси вакилларининг таъкидлашича, ушбу сертификатнинг олиниши бутунлай маҳаллий бутловчи қисмлардан йиғилган СЖ-100 самолётини сертификатлаштириш жараёнини сезиларли даражада яқинлаштиради. Илк серияли ПД-8 двигателларини 2026-йил якунига қадар етказиб бериш режалаштирилган.
Шунингдек, ишлаб чиқарувчилар ПД-8 базасида турли тортиш кучига эга бўлган двигателлар оиласини яратишни кўзламоқда. Келажакда оғир транспорт вертолёти ҳисобланган Ми-26 учун ушбу двигателнинг махсус ПД-8В версияси ишлаб чиқилиши ҳам истисно этилмаяпти.





























Изоҳлар 0
…