Саҳрои Кабирда сувсизлик 49 кишининг ўлимига сабаб бўлди

Нигер шимолидаги Саҳрои Кабир чўлида юк машинаси носозликка учраши оқибатида камида 49 киши чанқоқдан ҳаётдан кўз юмган. Фақат икки нафар йўловчи омон қолиб, пиёда юриб Ассaмака ҳудудига етиб борган ва расмийларга хабар берган. Бу ҳақда BBC хабар қилди.
Маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар Малида ўтказилган диний маросимда иштирок этиб қайтиб келаётган бўлган. Улар юк машинаси орқали Нигер ва Жазоир чегарасига яқин ҳудуддан ўтаётган пайтда транспорт воситаси бузилиб қолган ва йўлда тўхтаб қолган.
Расмийлар маълум қилишича, йўловчилар бир неча кун давомида 80 километрдан ортиқ масофада жойлашган Ассaмака чегара пунктига етиб бора олмаган. Улар экстремал иссиқлик ва сув етишмаслиги шароитида қолиб кетган. Ҳайдовчи ва йўловчилар машинани тузатишга бир неча бор уриниб кўришган, бироқ бу ҳаракатлар натижа бермаган.
Кейинчалик қутқарувчилар воқеа жойига етиб бориб, тўхтаб қолган юк машинаси атрофида ва унинг остида кўплаб жасадларни аниқлаган. Ҳалок бўлганлар маҳаллий ҳокимият томонидан юборилган қутқарув гуруҳлари орқали оммавий қабрларга дафн этилган.
Қутқарув операцияси вақтида ҳудуддан қайтиб келаётган гуруҳ яна бир бузилган юк машинасига дуч келган. Унда 60 дан ортиқ одам бўлиб, улар аккумулятор ишдан чиққани сабабли уч кун давомида саҳрода қолиб кетган.
Нигер ҳукумати вакиллари ушбу фожиа Саҳрои Кабир орқали ўтадиган миграция йўлларидаги хавф-хатарларни яна бир бор намоён этганини ҳамда ёшларнинг оғир шароитларда тирикчилик излаб хавфли сафарларга чиқишга мажбур бўлаётганини таъкидлаган.





























Изоҳлар 0
…