
Яна бир шов-шувли илмий ютуқ — ва бу сафар ҳақиқатан ҳам тарихга киришга муносиб. АҚШнинг Аллен институти ҳамда Япония Электралоқа университети тадқиқотчилари сичқон миясининг пўстлоқ қисмини тўлиқ рақамлаштириб, ҳалигача тенг келмаган виртуал моделни яратишди. Улар 9 миллион нейрон ва 26 миллиард синапсни ягона ишловчи тизимга бирлаштиришга муваффақ бўлишди. Бу ҳақда SC25 supercomputing conference доирасида маълум қилинди.
Лойиҳа раҳбарларидан бири Антон Архипов бу ютуқни «техник тараққиётдаги улкан сакраш» деб атади. Унинг сўзларига кўра, илк марта бундай мураккаб симуляцияни амалий ва самарали ишга тушириш мумкинлиги исботланди. Демак, яқин келажакда янада чуқурроқ нейробиологик таҳлиллар, ҳатто инсон мияси моделини тузиш имконияти ҳам ойдинлаша бошлади.
Яратилган модель ўзаро боғлиқ 86 та функционал мия соҳасини қамраб олган. Симуляцияни ишлатиш учун дунёдаги энг тезкор суперкомпьютер — Fugaku танланди. У сониясига квадриллионлаб амалларни бажариб, миллиардлаб виртуал нейрон алоқаларини бир вақтнинг ўзида синхронлаштиради.

Ҳақиқий сичқон мияси тахминан 70 миллион нейрондан иборат бўлса-да, бу моделлаштирилган миядагидан тахминан саккиз баравар кўп: тадқиқотчилар нейронларнинг қандай «ёнишини», қўзғалиш тўлқинларининг қай тарзда тарқалишини ва бир соҳадаги кичик бузилиш бошқа нуқтага қандай таъсир қилиб ўтишини реал вақтда кузатиш имконига эга бўлишди.
Симуляция ёрдамида олимлар икки ярим шар ўртасидаги ўзаро таъсирни, когнитив жараёнлар ва диққат билан боғлиқ фаоллик қандай шаклланишини ўрганиб кўришди. Буни тирик мияда, инвазив операцияларсиз амалга ошириш деярли имконсиз эди — аммо виртуал мия бундай чекловларни йўққа чиқарди.
Бундан ташқари, янги рақамли харита неврологик хасталиклар ва миядаги турли бузилишларни ҳайвонларда такрорий тажриба ўтказмасдан туриб синаб кўриш имконини пайдо қилади. Бунинг ўзи ҳам тиббиёт ва биоэтика учун катта қадам.
Тадқиқотчиларнинг кейинги мақсади — моделни янада йириклаштириш, аввало сичқон миясининг тўлиқ виртуал шаклини яратиш, кейин эса инсон миясининг рақамли нусхасига йўл очиш.
Шубҳасиз, нейротехнологияда янги давр эндигина бошланяпти.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.