08:10 / 22.04.2017
7 083

Ўзбекистонда яна бир қўмита қайта ташкил этилади

Ўзбекистонда яна бир қўмита қайта ташкил этилади
Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси негизида янги ташкилот — Экология ва табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ташкил этилади. Бу ҳақдаги фармон Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонда белгилаб қўйилган.

Қўмита республикада экологик хавфсизликни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш, экологик ҳолатни яхшилаш, чиқиндиларнинг фуқаролар соғлигига зарарли таъсирининг олдини олиш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш учун қулай шароитлар яратиш, маиший чиқиндиларни йиғиш, сақлаш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ташкил этилган.

Давлат қўмитаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.

Қўмита фаолиятининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш соҳасида давлат бошқаруви;

атроф-муҳитнинг қулай экологик ҳолатини, экологик тизимлар, табиий комплекслар ва алоҳида объектлар муҳофаза қилинишини, экологик шароитнинг соғломлаштирилишини таъминлаш;

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат экологик назоратини амалга ошириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан мустаҳкам ҳамкорликда маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш борасида таъсирчан тизимни ташкил этиш;

ер, ер ости бойликлари, сув, ўрмонлар, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат экологик назоратни ўрнатиш;

экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларини мувофиқлаштириш, табиатни муҳофаза қилиш ва ресурсларни тежаш борасида ягона сиёсатни амалга оширишга оид амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда идоралараро ҳамкорликни таъминлаш;

экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат кадастрини юритиш, шунингдек, ёввойи ҳайвонларни, ёввойи ўсимликларни кўпайтириш ва сақлаш питомникларини, зоология ва ботаникага оид коллекцияларни давлат томонидан рўйхатга олиш;

экологик тарбия, тарғибот ва таълимни, шунингдек, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш.

Фармонга мувофиқ қуйидаги тузилмалар ташкил этилади:

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларининг марказий аппаратларида Чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, уларни тўплаш, сақлаш, ташиб кетиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиш ва реализация қилиш бўйича назорат инспекциялари;

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ҳузурида «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхоналари ва мамлакатимиз шаҳарларида, шунингдек, туман ҳокимликлари ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармаларининг чиқиндиларни олиб кетиш бўйича хизмат кўрсатадиган участкалари негизида уларнинг филиаллари;

табиатни муҳофаза қилиш республика ва маҳаллий жамғармалари негизида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича жамғарма ташкил этилади, жамғарма маблағлари биринчи навбатда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирларига, жумладан, чиқиндилар билан боғлиқ ишларга ва биоресурсларни сақлаш ва қайта тиклашга, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза ва мониторинг қилиш соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ўтказишга, тарғибот ва маърифий ишларни ташкил этишга, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашга йўналтирилади;

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш давлат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Биохилма-хилликни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни назорат қилиш инспекцияси этиб қайта тузилади ва унинг ҳудудий инспекциялари ташкил қилинади.

Хорижий мамлакатларнинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини ташкил қилишга оид тажрибасидан келиб чиққан ҳолда мамлакатимиз қонунчилигига Давлат экология қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси олдида ҳисобот бериб бориши юзасидан ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига жисмоний ва юридик шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш, бу борада чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима санкциялари миқдорини ошириш, Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонунларига кўп жойда учрайдиган фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг белгиланган тартибини бузганлик учун жисмоний ва юридик шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш юзасидан ўзгартиш киритилади.

Мазкур қарорнинг амалга оширилиши жуда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, қуйидаги натижаларга эришиш имконини беради:

биринчидан – атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида фаолият кўрсатаётган давлат назорати ва бошқаруви органларининг тизимли иш олиб бориш самарадорлигини оширади;

иккинчидан – экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги идоралараро самарали ҳамкорликни таъминлайди;

учинчидан – атроф-муҳитнинг экологик ҳолати, экологик тизим, табиий комплекслар ва алоҳида объектларни қўриқлаш учун қулай шарт-шароитлар яратади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда яна бир қўмита қайта ташкил этилади