Атом энергетикасида инқилоб: Валар Атомикс 9 ой ичида янги микрореакторини ишга туширди

Америка энергетика саноатида муҳим бурилиш нуқтаси юз берди. Валар Атомикс компанияси ўзининг Вард 250 деб номланган микрореактори муваффақиятли ишга туширилгани ва унда барқарор занжирли ядро реакцияси бошланганини эълон қилди. Юта штатидаги Сан-Рафаел энергетика лабораториясида ўтказилган ушбу синовлар янги авлод кичик атом реакторларини тижоратлаштириш йўлидаги энг муҳим қадамлардан бири ҳисобланади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ушбу лойиҳанинг ҳайратланарли жиҳати унинг амалга оширилиш тезлигидадир. Валар Атомикс асосчиси ва бош директори Исаия Тейлорнинг сўзларига кўра, атиги тўққиз ой аввал мазкур мажмуа ўрнида бўш майдон бўлган. Қисқа вақт ичида компания нафақат объектни қуришга, балки мураккаб технологик қурилмани ишчи ҳолатга келтиришга ҳам муваффақ бўлди. Бу натижа атом саноати учун мисли кўрилмаган суръат деб баҳоланмоқда.
Янги авлод технологиялари ва давлат қўллови
Вард 250 лойиҳаси АҚШ Энергетика вазирлигининг пилот дастури доирасида амалга оширилган бўлиб, у миллий лабораториялардан ташқарида бундай юқори даражадаги синовлардан ўтишга рухсат берилган биринчи лойиҳага айланди. ixbt.com маълумотига кўра, мазкур микрореактор шунчаки лаборатория тажрибаси эмас, балки келажакда саноат миқёсида электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган тўлақонли энергетик қурилмадир.Лойиҳа 2025-йил май ойида имзоланган президент фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган. Ҳужжатда 2026-йил июльига қадар камида учта янги авлод демонстрацион реакторларини ишга тушириш вазифаси қўйилган эди. Валар Атомикс ушбу талабни бажарган иккинчи компания бўлди. Бунгача Антарес Нуклеар компанияси ўзининг Марк-0 реактори билан шундай натижани қайд этган эди.
Бюрократияни четлаб ўтиш ва келажак режалари
АҚШ ҳукумати бундай инновацион лойиҳаларни тезлаштириш учун махсус лицензиялаш механизмини жорий этган. Бу механизм тажриба реакторларини соддалаштирилган тартибда синовдан ўтказишга имкон беради, шу билан бирга параллел равишда стандарт тижорий келишув жараёнлари ҳам давом этаверади. Бу ёндашув чизмалардан амалий синовларга ўтиш вақтини бир неча баробарга қисқартирди.Муваффақиятли синовлар фонида АҚШ Энергетика вазирлиги Нуклеар Энергй Лаунч Пад деб номланган янги ташаббусни эълон қилди. Унинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:
- Атом технологиялари соҳасидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш;
- Истиқболли лойиҳаларни синов босқичига чиқаришни тезлаштириш;
- Хусусий сектор инвестицияларини ядро энергетикасига жалб қилиш;
- Кичик модулли реакторлар тармоғини кенгайтириш.






























Изоҳлар 0
…