21 июн: энг узун кун ва энг қисқа тун

Бугун, 21 июн куни Шимолий яримшарда йилнинг энг узун куни кузатилади. Бу ҳодиса астрономияда ёзги қуёш туриши деб аталади. Айнан шу кунда Қуёш осмонда энг узоқ вақт давомида кўриниб туради, натижада кун максимал даражада узаяди, тун эса йил давомида энг қисқа бўлади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ҳодиса Ернинг Қуёш атрофида айланиши ва унинг ўз ўқига тахминан 23,5 даража оғган ҳолда жойлашгани билан боғлиқ. Шу сабабли йил давомида Қуёш нурлари Ерга турлича бурчак остида тушади ва фасллар алмашади.
Қизиқ жиҳати шундаки, айни пайтда Жанубий яримшарда бунинг мутлақо акси кузатилади. У ерда кун энг қисқа, тун эса энг узун бўлиб, қиш мавсуми расман бошланади.
Астрономларнинг айтишича, ёзги қуёш туриши ҳар йили 20–22 июн оралиғида содир бўлади ва бу сана табиатдаги кўплаб жараёнларга, жумладан, иқлим ва биологик ритмларга ҳам таъсир кўрсатади.
Шундан сўнг эса кунлар аста-секин қисқариб боради ва кузги тенгкунликка қадар давом этади.






























Изоҳлар 0
…