1832 йилда туғилган тошбақа ҳанузгача яшамоқда (видео)

Жонатан исмли 194 ёшли тошбақа расман Гиннеснинг рекордлар китоби тимсоли сифатида эътироф этилди. Сайёрадаги энг кекса қуруқлик жонивори Наполеоннинг сўнгги сургун қилинган манзили — Сент-Елена оролида яшамоқда. Бу ҳақда орол маъмурияти маълум қилди.
Хабарда айтилишича, «дунёдаги энг кекса маълум қуруқлик жонивори ва оролнинг барчага севимли маҳаллий турғуни бўлган Жонатан расман Гиннеснинг рекордлар китоби тимсоли сифатида тан олинди».
Орол ҳукумати матбуот хизмати маълум қилишича, Жонатан ёши анча улуғ бўлишига қарамай, ҳанузгача турли оммавий тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда.
Мазкур воқеага Сент-Елена ороли губернатори Найжел Филлипс ҳам муносабат билдирди.

Унинг таъкидлашича, Жонатан кўплаб авлодлар давомида оролнинг ўзига хос рамзи ва жамоавий хотирасининг ажралмас қисми бўлиб келган.
«Глобал миқёсдаги бу эътироф жамиятимиз аллақачон биладиган ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади. Жонатан нафақат ўз ёши билан ҳайратланарли жонзот, балки Сент-Елена ороли ва унинг халқи учун ҳақиқатан ҳам ноёб ҳодисадир», деди губернатор.
Маълумот учун, ушбу улкан жонивор «Альдабра гигант тошбақаси» турига мансуб бўлиб, одатда бу тур вакиллари 150 йилгача умр кўради.
Жонатан эса 1832 йилда туғилган бўлиб, 1882 йилда Сейшел оролларидан Сент-Елена оролига олиб келинган.






























Изоҳлар 0
…