Россия Ўзбекистон маҳсулотларига чеклов қўймоқчи бўлди

Россия 30 майдан бошлаб Ўзбекистондаги айрим компаниялардан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини тўхтатишини маълум қилди. Бироқ “Росселхознадзор” орадан кўп ўтмай ушбу хабарни расмий сайтидан олиб ташлади. Бу ҳақда “РБК” хабар берди.
Аввалроқ идора бир қатор ўзбекистонлик корхоналар энг кўп фитосанитария қоидалари бузилишига йўл қўяётганини билдирган ва уларнинг маҳсулотларига нисбатан 30 майдан чекловлар жорий этилишини эълон қилган эди.
Қарор Россияда фитосанитария хавфсизлигини таъминлаш ҳамда карантин остидаги маҳсулотларни етказиб беришдаги номувофиқликлар билан изоҳланган. Аммо кейинчалик “Росселхознадзор” мазкур маълумотни бекор қилиб, хабарни сайтидан ўчириб ташлади.
Шу билан бирга, Россия томони Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотларини хавфсиз ва узлуксиз етказиб бериш механизмини ишлаб чиқиш бўйича техник музокаралар давом этаётганини маълум қилди.
Маълумот учун, Россия 30 майдан бошлаб Арманистоннинг қатор мева-сабзавот маҳсулотларига ҳам чекловлар жорий этган. Кейинчалик ушбу рўйхатга картошка, бақлажон, олма, нок, беҳи ва қуритилган мевалар ҳам қўшилди.
Арманистон бош вазири Никол Пашинян эса экспортчиларга давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилишини ва янги бозорлар топишда ёрдам берилишини билдирган.
Россия ҳукумати сўнгги вақтларда Арманистоннинг Ғарб давлатлари ва Европа Иттифоқи билан яқинлашаётганига танқидий муносабат билдириб келмоқда.





























Изоҳлар 0
…