Шавкат Мирзиёев Исломободда: Покистонда давлат ташрифи бошланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Исломобод шаҳрига етиб борди. Сафарнинг илк дақиқалариёқ ўзгача руҳда ўтди: Покистон ҳаво ҳудудига кирилган пайтда олий мартабали меҳмон самолётига ушбу мамлакат Ҳарбий ҳаво кучларининг қирувчи учоқлари ҳамроҳлик қилди. Бу эса ташрифга бўлган ҳурмат ва эътиборнинг яна бир рамзий ифодаси сифатида қабул қилинди.


Ўзбекистон раҳбарини Исломободдаги «Нурхон» аэропортида Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф, президент Асиф Али Зардорий ҳамда бошқа расмий шахслар тантанали равишда қарши олди. Маросим пайтида икки давлат байроқлари баланд кўтарилди, фахрий қоровул саф тортиб, расмий протоколга мос равишда муносабат билдирилди.


Дастурга мувофиқ, бугун мудофаа кучлари олий бош қўмондони — қуролли кучларнинг қуруқликдаги қўшинлар қўмондони, фелдмаршал Асим Мунир билан учрашув, шунингдек, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф билан музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши ҳам бўлиб ўтади. Бу формат икки мамлакат муносабатларини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Эртага, 6 феврал куни эса Покистон президенти Асиф Али Зардорий билан учрашув ҳамда Ўзбекистон – Покистон бизнес форумида иштирок этиш режалаштирилган. Форум доирасида савдо-иқтисодий алоқалар, сармоявий лойиҳалар ва ишбилармонлик ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари кун тартибида бўлиши табиий.

Қисқаси, Исломободдаги бу ташриф расмий протокол билан чекланиб қолмай, икки давлат ўртасидаги сиёсий ишонч ва амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим сафар сифатида бошланди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!