Мирзиёев Исломободда Шариф билан стратегик шерикликни муҳокама қилди

5 февраль куни Исломобод шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф тор доирада музокара ўтказди, шунингдек, олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этди.
Учрашувларда олий даражада эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш доирасида Ўзбекистон–Покистон стратегик шериклиги ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтириш, мустаҳкамлашнинг амалий йўналишлари атрофлича кўриб чиқилди.
Томонлар сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги алоқалар янги суръат олганини мамнуният билан қайд этди. Сиёсий мулоқот барқарор мустаҳкамланиб, парламентлараро ва идоралараро алмашинувлар ҳам жадал ривожланиб бораётгани таъкидланди.

Иқтисодий кўрсаткичлар ҳам бунга далил: ўтган йил якунларига кўра ўзаро савдо ҳажми салкам 500 миллион долларга етган. Айни пайтда Ўзбекистонда Покистон капитали иштирокидаги 230 га яқин корхона фаолият юритмоқда. Авиақатновлар сони кўпайган, банклараро корреспондентлик муносабатлари ҳам босқичма-босқич кучаймоқда. Тўқимачилик, фармацевтика, кимё, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда қўшма кооперация лойиҳалари амалий натижа бериб келаётгани алоҳида урғуланди. Шунингдек, ташриф арафасида ўтган сиёсий маслаҳатлашувлар ва Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши натижалари олқишланди. Ташриф доирасида Ўзбекистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ўтказилаётгани қайд этилди.
Келгуси амалий қадам сифатида ташқи ишлар вазирликлари Мувофиқлаштирувчи қўмитасининг биринчи йиғилишини яқин кунларда Тошкентда ўтказиш зарурлиги таъкидланди. Бундан ташқари, ишбилармон доиралар ўртасида узоқ муддатли ва тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон–Покистон Ишбилармонлар кенгашини тузиш бўйича келишувга эришилди.

Муҳокамаларда яқин келажак учун катта марра ҳам қўйилди: ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга олиб чиқиш. Бу мақсадга етиш учун амалдаги Имтиёзли савдо битими доирасидаги маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун фитосанитария рухсатномаларини янада кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистоннинг Лаҳор ва Карачидаги савдо уйларидан фаолроқ фойдаланиш бўйича ҳам қарорлар қабул қилинди.
Ташрифга тайёргарлик жараёнида қишлоқ хўжалиги, электротехника, геология, фармацевтика, енгил саноат, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда қарийб 3,5 миллиард долларлик лойиҳалар портфели шакллантирилгани маълум қилинди.
Транспорт ва логистика масалалари ҳам алоҳида эътибор марказида бўлди. Томонлар Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш, шунингдек, “Покистон–Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” транспорт йўлагини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. Бунда ҳудудлараро алоқалар иқтисодий ҳамкорликнинг асосий драйверларидан бири сифатида белгиланди.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон–Покистон ҳудудлараро форумини ташкил этишга келишилди ва унинг биринчи учрашувини шу йил Хоразм вилоятида ўтказиш таклифи билдирилди.
Зиёрат туризми соҳасида ҳам тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилиши мумкинлиги қайд этилди. Икки халқ ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш мақсадида жорий йил Покистонда Ўзбекистон маданияти ҳафталиклари ҳамда Ўзбекистон киноси кунларини ўтказиш бўйича келишиб олинди. Шунингдек, давлат раҳбари Бобурийлар меросини кенг тарғиб қилиш учун Покистоннинг Лоҳур шаҳрида қўшма маданият марказини ташкил этишни таклиф қилди.
Музокаралар давомида халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилиб, кўп томонлама тузилмалар доирасида яқин ҳамкорликни давом эттиришга қатъий интилиш билдирилди.
Якунда Шавкат Мирзиёев Шаҳбоз Шарифни жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!