Тошкентда янги олий мактаб очилади: битирувчиларга икки диплом берилади

Ўзбекистон олий таълим тизимида талабаларга бир вақтнинг ўзида бир нечта хорижий университет дастурлари асосида ўқиш имконини берадиган янги модел жорий этилиши мумкин. Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган лойиҳа доирасида битирувчилар Ўзбекистонда тан олинадиган хорижий дипломга ҳам эга бўлади.
10 июль куни давлат раҳбари халқаро таълим стандартлари асосида ўрта махсус, касбий ва олий таълим дастурларини жорий этиш, шунингдек, нуфузли хорижий университетлар билан академик ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган таклифлар билан танишди.
Амалдаги қўшма дастурларда қандай муаммо бор?
Тақдимотда қайд этилишича, айни пайтда Ўзбекистондаги қатор олийгоҳларда хорижий университетлар билан қўшма таълим дастурлари амал қилмоқда.
Бироқ бундай дастурлар асосан икки олий таълим муассасаси ўртасида ташкил этилган. Шу сабабли талабаларнинг таълим йўналиши, университет ва академик муҳитни эркин танлаш имконияти чекланган.
Халқаро амалиётда эса интеграциялашган таълим дастурлари талабага ўқиш давомида бир нечта университетда таҳсил олиш имконини беради.
Бу орқали талаба:
турли мамлакатлардаги академик муҳитни кўради;
бир нечта университет дастурларидан фойдаланади;
халқаро таълим стандартлари асосида билим олади;
хорижий мутахассислар билан ишлаш тажрибасига эга бўлади.
Янги олий мактаб қаерда ташкил этилади?
Тақдимотда Тошкент архитектура-қурилиш университети таркибида Интеграциялашган дастурлар олий мактабини ташкил этиш таклиф қилинди.
Дастлаб таълим жараёни Буюк Британиянинг қуйидаги университетлари дастурлари асосида йўлга қўйилиши режалаштирилган:
Норзамбрия университети;
Ҳартфордшир университети.
Кейинги босқичда эса дастурларни Сапиенца, Саутгемптон ва Глазго каби дунёнинг нуфузли олийгоҳлари академик талабларига мослаштириш кўзда тутилган.
Битирувчиларга қандай диплом берилади?
Янги олий мактабга академик, молиявий ва ташкилий мустақиллик берилиши режалаштирилмоқда.
Унинг фаолиятини давлат идоралари, хорижий ҳамкор олийгоҳлар ва йирик компаниялар вакилларидан иборат кузатув кенгаши назорат қилади.
Энг муҳим жиҳатлардан бири — битирувчиларга Ўзбекистонда расман тан олинадиган хорижий ҳамкор университет дипломи ҳамда Интеграциялашган дастурлар олий мактаби дипломи берилади.
Бу эса ёшларнинг нафақат маҳаллий, балки халқаро меҳнат бозорида ҳам рақобатбардошлигини ошириши кутилмоқда.
Британия стандартлари асосида янги босқич
Лойиҳа доирасида олий мактаб ва ҳамкор таълим муассасаларида Британия стандартларига мувофиқ 8-даражагача бўлган таълим дастурларини жорий қилиш режалаштирилган.
Шунингдек, раҳбар кадрлар учун махсус малака ошириш курслари ташкил этилади.
Уларда қуйидаги йўналишларга эътибор қаратилади:
стратегик фикрлаш;
лидерлик;
рақамли бошқарув;
қарор қабул қилиш;
натижага йўналтирилган бошқарув.
Янги тизим амалга оширилса, талабаларга бир нечта халқаро университет тажрибасини бир таълим дастури доирасида ўзлаштириш имконияти яратилади.































Изоҳлар 0
…