50 йилдан ошган автомобиллардан фойдаланиш қоидалари масаласи ойдинлашди

Ўзбекистонда 1 февралдан ишлаб чиқарилганига 50 йилдан ошган транспорт воситаларидан фойдаланиш ҳамда уларни қайта рўйхатдан ўтказиш тақиқлангани ҳақида хабарлар тарқалган эди. ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти бу масалага аниқлик киритиб, антиквар деб топилган автотранспорт воситалари мазкур тартибдан мустасно эканини маълум қилди.
Қандай машиналар антиквар ҳисобланади?
Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасини рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, ишлаб чиқарилганига 50 йил ва ундан ортиқ бўлган, шу билан бирга асл ҳолати — яъни ташқи кўриниши, тузилиши ва асосий агрегатлари сақланиб қолган автотранспорт воситалари антиквар ҳисобланади. Бундай транспортлар учун янги жорий этилган ANT серияли алоҳида давлат рақам белгилари берилади.
ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти матбуот хизмати тушунтиришича, фуқаролар бу турдаги транспорт воситаларига давлат рақам белгисини олиш учун жорий йил 1 февралдан бошлаб ҳудудий йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмаларига мурожаат қилишлари лозим.
Антиквар автомобилларга қайси рақамлар берилади?
Ҳукумат қарорига кўра:
-Юридик шахсларга тегишли антиквар автомобилларга: I, IA ёки IE, IAE типли, АНТ серияли рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари;
-Жисмоний шахсларга тегишли антиквар автомобилларга: III, IIIA ёки IIIE, IIIAE типли, АНТ серияли рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари;
-Юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксиларга эса: I, IA ёки IE, IAE типли, ТТТ серияли рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари тақдим этилади.
Қисқаси, 50 йилдан ошган ҳар қандай автомобил “тақиқ” дегани эмас — агар машина асл ҳолатини сақлаган бўлса, у антиквар сифатида расмийлаштирилиб, алоҳида серияда рақам олиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!