Марказий банк P2P изоҳлари атрофидаги тушунмовчиликка ойдинлик киритди

25 март куни ижтимоий тармоқларда Марказий банк P2P ўтказмаларда мақсадни кўрсатиш талаби бекор қилингани ҳақида турли хабарлар кенг тарқалди. Бу эса жамоатчилик орасида маълум даражада тушунмовчилик ва баҳсларга сабаб бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Марказий банк матбуот хизмати Kun.uz нашрига изоҳ бериб, “мажбурий бўлмаган қоидани бекор қилиш мумкин эмас, чунки у аввалдан ихтиёрий бўлган”, дея маълум қилди. Регулятор, шунингдек, ушбу масала аввалдан нотўғри талқин қилинганини алоҳида таъкидлади.
Эслатиб ўтиш жоиз, 17 февраль куни банклар ва тўлов ташкилотларига юборилган расмий хатда ўтказмалар мақсадини кўрсатиш мажбурий талаб сифатида белгилангани ва 1 мартга қадар ижро этилмаса, муайян чоралар кўрилиши мумкинлиги қайд этилган эди. Бу эса кўпчиликда мазкур талаб қатъий жорий этилади, деган фикрни шакллантирган.
Бироқ жамоатчилик муҳокамаси ва танқидлардан сўнг, 5 март куни Марказий банк ахборот хизмати бу жараён техник хусусиятга эга эканини маълум қилди. Унга кўра, P2P ўтказмалар учун киритилган 16 хил мақсад параметрлари намунавий ҳисобланади ва банк ёки тўлов хизматлари ўз иловалари имкониятларидан келиб чиққан ҳолда уларни ихтиёрий тарзда қўллаши мумкин.
Шунингдек, айрим тўлов ташкилотлари ва банклар ушбу баёнотдан кейин регуляторга қўшимча тушунтириш сўраб мурожаат қилган. Марказий банк эса аниқ жавоб берган: “Бу — ихтиёрий. Хоҳласангиз жорий этасиз, хоҳласангиз йўқ”.
Айнан шу изоҳлардан кейин ижтимоий тармоқларда “талаб бекор қилинди” деган фикрлар пайдо бўлди. Аслида эса гап бекор қилиш ҳақида эмас, балки бошиданоқ мажбурий бўлмаган тартиб ҳақида кетгани маълум бўлди.
Мутахассислар фикрича, бундай ҳолатлар ахборотни нотўғри талқин қилиш қанчалик тез тарқалишини кўрсатади. Келгусида эса молиявий соҳадаги ҳар қандай янгиликлар бўйича расмий манбаларга таяниш муҳим аҳамият касб этади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!