Ўзбекистон банклари қанча пулни айлантираётгани маълум бўлди

Ўзбекистон банк тизимида йирик молиявий муассасаларнинг устунлиги сақланиб қолмоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 май ҳолатида мамлакатдаги 34 та тижорат банкининг жами активлари 962,8 триллион сўмга етган.
Таҳлилларга кўра, активлар ҳажми 30 триллион сўмдан юқори бўлган 12 та йирик банк мамлакат банк тизимида ҳал қилувчи ўринни эгаллаб турибди. Уларнинг ҳиссасига умумий активларнинг қарийб 80 фоизи ёки 767,6 триллион сўм тўғри келади.
Кредитлаш соҳасида ҳам асосий юк айнан шу банклар зиммасида. Банк тизимидаги жами 629 триллион сўмлик кредит портфелининг 521,5 триллион сўми, яъни 83 фоизи йирик банклар ҳиссасига тўғри келган.
Маълум қилинишича, кредитлар таркибида узоқ муддатли молиялаштириш устунлик қилмоқда. Бугунги кунда узоқ муддатли кредитлар ҳажми 552,8 триллион сўмни ташкил этган бўлиб, шундан 459,6 триллион сўми йирик банклар томонидан ажратилган.
Шунингдек, банкларнинг капиталлашув даражаси ҳам юқори кўрсаткичларни қайд этмоқда. Тизимнинг умумий капитали 144 триллион сўмга етган бўлса, унинг 111 триллион сўми энг йирик банклар ҳиссасига тўғри келади.
Марказий банк ҳисоботига кўра, жорий йилнинг 1 май ҳолатига банк тизими 6,9 триллион сўм соф фойда қайд этган. Капитал монандлиги даражаси эса 18,4 фоизни ташкил этган бўлиб, бу молиявий барқарорликнинг муҳим кўрсаткичларидан бири ҳисобланади.
Омонатлар ҳажми ҳам ўсиш тенденциясини сақлаб қолмоқда. Аҳоли депозитлари 170,2 триллион сўмга, юридик шахслар маблағлари эса 274,2 триллион сўмга етган. Мутахассислар таъкидлашича, маблағларнинг асосий қисми йирик банкларда жамланган бўлса-да, ўрта ва кичик банкларда ҳам депозит базаси босқичма-босқич кенгайиб бормоқда.






























Изоҳлар 0
…