Энди телефон рақами орқали пул ўтказиш мумкин

Ўзбекистонда жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказиш жараёни янада соддалаштирилди. Энди маблағ юбориш учун қабул қилувчининг банк ҳисоб рақами ёки пластик карта реквизитларини киритиш шарт эмас — унинг мобиль телефон рақамини кўрсатиш кифоя.
Янги тартиб Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган ва 24 август куни Адлия вазирлигида 3930-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган Тезкор тўловлар тизими орқали мобиль телефон рақами асосида пул ўтказмаларини амалга ошириш қоидаларида белгиланган.
Тизимдан фойдаланиш учун аввало фойдаланувчининг телефон рақами унинг банк ҳисоб рақамига боғланади. Шундан кейин пул юбориш вақтида қабул қилувчининг карта ёки банк ҳисоб рақами реквизитларини алоҳида киритишга эҳтиёж қолмайди.
Ўтказмани тасдиқлашдан олдин фойдаланувчига пул қабул қилувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми, унга хизмат кўрсатувчи банк ҳамда воситачилик ҳақи ҳақида маълумот берилади.
Яна бир қулайлик — пул ўтказмалари 24/7 режимида ва реал вақтда амалга оширилади.
Қоидаларга кўра, тизимда ахборот ва киберхавфсизлик, шунингдек, фирибгарликнинг олдини олиш бўйича белгиланган талабларга риоя этилади.
Фойдаланувчи истаган вақтида телефон рақамини ўз банк ҳисоб рақамига боғлашни бекор қилиши мумкин. Бир банк доирасида эса битта мобиль телефон рақамини фақат битта банк ҳисоб рақамига бириктиришга рухсат берилади.






























Изоҳлар 0
…