date

Ўзбекистон меҳнат потенциали: Польшада ҳамкорлик имкониятлари кенгаймоқда

Ўзбекистон меҳнат потенциали: Польшада ҳамкорлик имкониятлари кенгаймоқда

Варшава шаҳрида Ўзбекистоннинг меҳнат ресурслари салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ва Полша компаниялари билан стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланган тақдимот тадбири ўтказилди. Унда Полшанинг Grupa Progres, Gremi Personal, Personnel International каби 20 дан ортиқ етакчи рекрутинг ва иш берувчи компаниялар вакиллари иштирок этди.

Музокаралар жараёнида поляк иш берувчилари Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилиш бўйича аниқ эҳтиёжларини очиқ билдирди. Хусусан, логистика соҳаси учун 2000 нафар, хизмат кўрсатиш тармоғи учун 800 нафар, саноат секторига 600 нафар ва қурилиш йўналишига 200 нафар мутахассис зарурлиги таъкидланди. Бу эса умумий ҳисобда 3600га яқин ўзбекистонлик ходимни иш билан таъминлаш имкониятини яратиши мумкинлиги қайд этилди.

Тадбирда иштирок этган поляк компаниялари вакиллари Ўзбекистонни ишончли, салоҳиятли ва истиқболли ҳамкор сифатида баҳолади. Улар ўзбекистонлик мутахассисларни жалб қилишга тайёр эканини ва бу борада ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини билдирди.

Шунингдек, Польша тадбиркорлар ва иш берувчилар иттифоқи вакиллари икки давлат ўртасида самарали миграция сиёсатини йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб боришнинг аҳамиятини таъкидлади. Таҳлилларга кўра, Польша иқтисодиёти доимий ва салоҳиятли ишчи кучига эҳтиёж сезмоқда ва Ўзбекистон бу борада ишончли ҳамкор бўлиши мумкин.

Учрашувда марказий осиёлик, хусусан ўзбекистонлик ходимларга талабнинг юқори эканлиги алоҳида таъкидланди. Айрим компаниялар виза тартиб-таомилларини соддалаштириш орқали меҳнат миграциясини енгиллаштириш муҳимлигини таъкидлади.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Миграция агентлиги ҳамда аккредитациядан ўтган бандлик ташкилотлари иштирокида B2B форматида навбатдаги учрашувларни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Бу қадам фуқароларнинг Полшада хавфсиз, қонуний ва тартибли меҳнат фаолиятини йўлга қўйишда муҳим ва стратегик аҳамиятга эга бўлмоқда.

Бу тадбир нафақат меҳнат миграцияси соҳасида, балки икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашда ҳам янги истиқболларни очмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон меҳнат потенциали: Польшада ҳамкорлик имкониятлари кенгаймоқда