“Яшил билет” орқали табиатни муҳофаза қилиш тизими кенгайди

Президентнинг “Яшил макон” умумиллий лойиҳасини янада самарали амалга ошириш учун янги фармон қабул қилинди. Унга мувофиқ, табиатни муҳофаза қилиш ва экологик фаолликни рағбатлантириш мақсадида “Яшил билет” тизими жорий этилмоқда. Бу инновацион система йўловчиларга самолёт, поезд, метро ва такси йўналишлари бўйича ҳаракат қиладиган маршрутнинг карбон изини аниқлаш имконини беради ҳамда фойдаланувчилар маршрутнинг атроф-муҳитга таъсирини “яшил билет” хариди орқали компенсация қилишлари мумкин.
Шунингдек, маҳаллий ва хорижий бозорлар учун ишлаб чиқариладиган, сақланадиган ва сотиладиган маҳсулотларнинг ишлаб чиқариш, сақлаш ва логистика жараёнларида карбон изи ҳисобланади. Харидорлар ўз ихтиёри билан маҳсулотнинг атроф-муҳитга таъсирини “яшил билет” ёки бунга мос механизмлар орқали компенсация қилиши мумкин. Ушбу маблағлар фақат дарахт кўчатлари экиш ва уларни парваришлашга йўналтирилади, бу эса экологик мувозанатни сақлашга кўмаклашади.
Фармонда лойиҳага ҳисса қўшувчи фуқаролар ва тадбиркорлар ҳам рағбатлантирилади. Камида 100 дарахт кўчати экиш ёки “Яшил хайрия жамғармаси”га 10 миллион сўм ва ундан ортиқ маблағ ҳадя қилган шахслар экофаол фуқаро мақомига эга бўлади. Камида 1000 дарахт кўчати экишни ташкил қилган ёки платформага 100 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратган тадбиркорлар “Эко-ҳамкор” мақоми билан тақдирланади. Бу мақом уларга ўз фаолиятини реклама қилишда ҳуқуқ беради.
Шунингдек, 50 мингдан кам бўлмаган дарахт кўчати экишни таъминлаган ёки платформага 5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳадя қилган шахсларга “Меценат” унвони берилади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 5 та ва ундан ортиқ “яшил боғ” ва “яшил жамоат парки”ни ўз ҳисобидан барпо қилган фуқаролар “Келажак бунёдкори” давлат мукофоти билан тақдирланади.
“Яшил билет” тизими нафақат экологик барқарорликни таъминлайди, балки фуқаролар ва тадбиркорларни атроф-муҳитни муҳофаза қилишга фаол жалб қилишда ҳам муҳим қадам бўлиб хизмат қилади. Бу лойиҳа орқали табиатни сақлаш ва яшил маконларни кенгайтиришдаги фаоллик ҳар биримиз учун ҳаётий аҳамият касб этади.