Тошкентда сунъий ёмғир ёғдириш ташаббуси бошланади

Тошкент шаҳрида сунъий ёмғир ёғдириш усулини жорий этиш режаси тайёрланмоқда. Бу масала Президентнинг 25 март куни қабул қилган фармонида келтирилган, у “Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган Тоза ҳаво умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари”ни ўз ичига олади.
Фармонга кўра, Тошкент шаҳри ва вилоятида қурғоқликка учраган ҳудудларда махсус ускуналар ўрнатилади ва сунъий ёмғир чақириш амалиёти йўлга қўйилади. Лойиҳанинг тўлиқ амалга оширилиши 2027 йил 1 октябргача режалаштирилган.
Бу технология орқали ҳаводаги чанг ва зарарли моддаларнинг миқдори камайтирилиши, атмосферанинг сифати қисқа муддатда яхшиланиши назарда тутилган. Шунингдек, қурғоқчилик шароитида намлик даражасини кўтаришга ҳам эътибор қаратилиши кўзда тутилган.
Фармонда қайд этилганидек, ташаббусни амалга ошириш вазифаси Экология қўмитаси, Фанлар академияси ва Олий таълим вазирлиги зиммасига юкланган. Уларга хорижий тажрибани ўрганиб, самарали ечимларни жорий қилиш мажбурияти қўйилган.
Яъни яқин йилларда Тошкент аҳолиси тоза ҳаво ва сув билан таъминлашда янги технологиялар самарасини ҳис қилиш имконига эга бўлади. Бу ташаббус нафақат экологик муаммоларни ҳал қилади, балки шаҳар муҳити ва ҳаёт сифатини сезиларли даражада яхшилаши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!