Саида Мирзиёева бугун 42 ёшни қарши олмоқда

Саида Мирзиёева бугун 42 ёшни қарши олмоқда

Бугун, 4 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева таваллуд кунини нишонламоқда. У 1984 йил 4 ноябрь куни Фарғона вилояти, Қўқон шаҳрида туғилган.

Саида Мирзиёева 2025 йил 24 июнда Президент Администрацияси раҳбари этиб тайинланган. Бунга қадар у Президент ёрдамчиси, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосари ҳамда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Унинг жамоатчилик фаолиятида ижтимоий аҳамиятга эга ташаббуслар ҳам алоҳида ўрин тутади. Жумладан, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган «Кўнгил кўзи» лойиҳаси шулардан бири. Лойиҳа доирасида болалар учун Брайль ёзувидаги ўқув ва бадиий китоблар нашр этилган, уларнинг таълим олиши ва жамиятга мослашиши учун имкониятлар кенгайтирилган.

Шунингдек, Саида Мирзиёева хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оиладаги зўравонликка қарши курашиш, аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратиб келади. Хусусан, бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш, скрининг текширувларини кенгайтиришга қаратилган давлат дастурини амалга оширишда унинг иштироки қайд этилган.

Бугунги таваллуд айёми муносабати билан Саида Мирзиёевага мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, куч-ғайрат ва масъулиятли фаолиятида муваффақиятлар тилаймиз. Илгари сурилаётган ижтимоий ташаббуслар аҳоли фаровонлигига хизмат қилиб, кўпроқ инсонлар ҳаётида ижобий ўзгаришларга сабаб бўлсин.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар