Тошкент метросида 2030 йилгача яна 29 та бекат қурилади

Тошкент метрополитени тармоғини 2030 йилгача кенгайтириш режалаштирилмоқда. Унга кўра, пойтахтда яна 29 та янги метро бекати қурилиб, уларнинг умумий сони 50 тадан 79 тага етказилади.
Бу ҳақда 3 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Тошкент метрополитени» АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Йўлдош Юсупов маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳозирда Тошкент метросининг умумий узунлиги 71 километрни ташкил этади. Янги бекатлар ва линиялар қурилиши ҳисобига бу кўрсаткич 103 километрга етказилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, 2030 йилга бориб метро хизматидан кунига 1,8 миллион йўловчи фойдаланиши кутилмоқда. Ҳозирда бу кўрсаткич 1,2 миллион нафардан ошган. Йўловчилар оқими ортиб бораётгани сабабли поездлар қатнови оралиғини 2–3 дақиқагача қисқартириш ҳам режалаштирилган.
Метрополитен маълумотларига кўра, 2021 йилда метро кунига ўртача 280–300 минг йўловчига хизмат кўрсатган. Сўнгги йилларда янги бекатлар очилиши ва йўналишлар кенгайиши натижасида йўловчилар сони сезиларли даражада ошган.
Бундан ташқари, 2027 йилда метро учун яна 14 та замонавий, беш вагонли поезд таркибини харид қилиш режалаштирилмоқда. Бу ҳам йўловчиларга хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.






























Изоҳлар 0
…