Ўзбекистонда “Тоза ҳаво” лойиҳаси атмосферани тоза сақлашга қаратилди

Ўзбекистонда 2026–2030 йиллар даврида амалга ошириладиган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳаси Президентнинг 25 март куни имзоланган фармони билан расман йўлга қўйилди.
Ҳужжатда асосий мақсад – саноат, энергетика, қурилиш ва транспорт соҳаларида чиқиндиларни камайтириш, шунингдек, табиий чанг ҳосил бўлишини назорат қилишдан иборат эканлиги кўрсатилган.
Дастур доирасида атмосферага чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар ҳажмини 10,5 фоизга қисқартириш режалаштирилган. Лойиҳа йирик саноат корхоналарида автоматик мониторинг станциялари ва чанг-газ тозалаш қурилмаларини ўрнатишни ҳам назарда тутади.
Шунингдек, саноат объектларида чиқиндиларни ушлаб қолиш даражасини 32 фоизга етказиш, PM2,5 кўрсаткичи бўйича меъёрдан юқори бўлган кунлар сонини камайтириш ҳам устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шунингдек, транспорт воситаларидан ҳавога чиқариладиган зарарли моддалар ҳажмини 10 фоизга қисқартириш белгиланган.
Лойиҳа ҳудудлар кесимида босқичма-босқич амалга оширилади: дастлаб чора-тадбирлар Фарғона водийсида жорий этилади, кейин эса марказий ҳудудларга татбиқ қилинади. Кейинги босқичларда мамлакатнинг жанубий ва ғарбий ҳудудлари қамраб олинади, якунги босқичда эса Қорақалпоғистон ва Хоразмда лойиҳа тўлиқ амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳар ойнинг 10- ва 25-кунлари давлат хизматчилари хизмат автомобилларидан фойдаланмай, ишга жамоат транспорти, велосипед ёки пиёда бориши шарт қилиб белгилангани ҳам хабар қилинган эди.
Бу лойиҳа орқали ҳаво сифати яхшиланади, экологик ҳолат назорат қилинади ва аҳоли учун янада соғлом муҳит яратилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!