Тошкентда бугун ҳаво сифати яхшиланиши кутилмоқда

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Тошкент шаҳрида 1 ноябр куни кундузги соатларда атмосфера ҳавоси сифати аста-секин яхшиланиши кутилмоқда.
- Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълумотларига кўра, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши ва вертикал ҳаво алмашинувининг фаоллашуви ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалишига ёрдам беради.
- 31 октябрдан 1 ноябрга ўтар кечаси эса ҳарорат инверсияси ҳамда шамолнинг кучсизлиги сабабли ҳаво сифати ёмонлашиши прогноз қилинган эди.
Тошкент шаҳрида 1 ноябрь куни кундузги соатларда атмосфера ҳавоси сифати аста-секин яхшиланиши кутилмоқда. Ҳароратнинг кўтарилиши ва ҳаво алмашинувининг фаоллашиши пойтахтдаги вазиятни барқарорлаштириши мумкин. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилди.
Қўмита маълумотларига кўра, 31 октябрдан 1 ноябрга ўтар кечаси пойтахтда атмосфера ҳавоси сифатининг ёмонлашиши прогноз қилинган. Кечки, тунги ва эрталабки соатларда ҳаво сифати халқаро ҳаво сифати индекси (AQI) бўйича «носоғлом», миллий индексга кўра эса «зарғалдоқ» даражада бўлиши кутилган.
Бундай ҳолатга тунги вақтда ҳаво ҳароратининг пасайиши, шамолнинг кучсиз эсиши ва ҳарорат инверсияси сабаб бўлиши мумкин. Ушбу омиллар атмосферанинг қуйи қатламларида ҳаво алмашинувини чеклаб, ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалишини секинлаштиради.
Натижада маҳаллий ва қўшни ҳудудлардан атмосферага чиқарилган ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалиши қийинлашиб, PM заррачалари ер юзасига яқин ҳаво қатламида тўпланиши мумкин.
Бугун, 1 ноябрь куни кундузги соатларда эса ҳаво ҳароратининг кўтарилиши ва вертикал ҳаво алмашинувининг яхшиланиши натижасида ҳарорат инверсияси кучсизланиши кутилмоқда. Бу жараён атмосферадаги ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалишига ёрдам бериб, ҳаво сифати аста-секин яхшиланишига олиб келиши мумкин.
Айни пайтда пойтахтдаги атмосфера ҳавоси сифати Махсус комиссия томонидан доимий мониторинг қилиб борилмоқда.
Ҳаво ифлосланишига қандай омиллар таъсир кўрсатмоқда?
Мутахассислар таъкидлашича, атмосфера ҳавосининг ифлосланишига таъсир қилувчи асосий омиллардан бири ҳаво циркуляцияси, яъни ҳаво массаларининг ҳаракати ва алмашинуви билан боғлиқ жараёнлардир.
Тошкент шаҳри тоғолди ҳудудида, водийга туташ жойда қарор топган. Бу ҳудудда шимоли-шарқ ва жануби-ғарб йўналишларидан эсувчи шамоллар муҳим аҳамият касб этади. Шамолнинг йўналиши ва тезлиги атмосфера ҳавоси алмашинуви ҳамда ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалишига бевосита таъсир кўрсатади.
Пойтахтда ҳаво ифлосланишининг кучайишига нафақат инсон фаолияти, балки табиий чанг, ёғингарчиликларнинг камлиги ва ноқулай метеорологик шароитлар ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Хусусан, ёғингарчиликлар камлиги ҳаводаги чанг зарраларининг ювилиб кетиш жараёнини сусайтиради. Тошкентда ёғингарчиликлар миқдори ойлик меъёрдан қарийб 6 баробарга камайган. Бу эса атмосфера ҳавосида чанг зарраларининг узоқроқ сақланиб қолишига сабаб бўлиши мумкин.
Аввал ҳам ҳаво сифати ёмонлашиши прогноз қилинган
Аввалроқ Тошкент шаҳрида 27 октябрдан 28 октябрга ўтар кечаси ҳам атмосфера ҳавоси сифати ёмонлашиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берилган эди.
Ўшанда кечки ва тунги соатларда ҳаво сифати миллий индекс бўйича асосан «сариқ» даражада бўлиши, кундузги вақтларда эса яхшиланиши прогноз қилинган.
Мутахассислар атмосфера ҳавоси сифатининг ўзгариши об-ҳаво шароити, шамол тезлиги, ҳарорат ва ҳаво алмашинуви каби омилларга боғлиқ эканини таъкидламоқда. Шу сабабли пойтахтда ҳаво сифати бўйича мониторинг ишлари давом эттирилмоқда.






























Изоҳлар 0
…