Поезд кечикса, йўловчиларга компенсация тўланади

Ўзбекистонда поездлар ҳаракати билан боғлиқ янги тартиб жорий этилиши режалаштирилмоқда. Унга кўра, агар поезд ташувчи ташкилот айби билан белгиланган вақтдан кечикса, йўловчиларга пул компенсацияси тўлаб берилади.
Мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Рақобат қўмитаси томонидан илгари сурилган бўлиб, йўловчилар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Янги тизим хизмат сифатини ошириш ва темирйўл транспортига бўлган ишончни мустаҳкамлашни кўзда тутади.
Белгиланаётган қоидаларга мувофиқ, кечикиш муддати асосида компенсация миқдори қуйидагича бўлади:
15–30 дақиқа кечикишда — чипта нархининг 15 фоизи,
31–60 дақиқа — 25 фоизи,
61–120 дақиқа — 50 фоизи,
121 дақиқадан ортиқ кечикишда эса йўловчига тўлиқ, яъни 100 фоиз маблағ қайтарилади.
Аввал бу тартиб фақат “Афросиёб” тезюрар поездларига нисбатан амал қилган эди. Эндиликда эса ушбу қоида барча маҳаллий поездларга, жумладан оддий ва тезюрар йўналишларга ҳам татбиқ этилиши режалаштирилмоқда.