Тошкент метросида хизмат сифати янги босқичга чиқади

Тошкент метрополитенида йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, ҳаракат қулайлиги ва хавфсизликни кучайтиришга қаратилган янги чоралар белгиланди. Бу борада «Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2030 йилга қадар пойтахт метросида йўловчи ташиш тизимини янги босқичга олиб чиқиш режалаштирилмоқда. Асосий мақсадлардан бири — метрополитенда кунлик йўловчилар сонини 1,8 миллион нафарга етказишдир. Бу эса метронинг шаҳар транспорти тизимидаги ўрни янада ортишини англатади.
Шунингдек, 2030 йилгача метро бекатлари сонини 79 тага, линиялар умумий узунлигини эса 103 километрга етказиш кўзда тутилган. Ҳаракат интервалини 2–3 дақиқагача қисқартириш ҳам устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди. Бу йўловчиларнинг бекатларда узоқ кутиб қолишини камайтиришга хизмат қилади.
2028 йил якунига қадар метро бекатларига кириш жойлари ва бекатдан-бекатга ўтиш йўлакларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаган ҳолда вендинг аппаратлари ҳамда кичик кўчма савдо объектларини жойлаштириш режалаштирилмоқда. Бу метро инфратузилмасини янада қулай ва замонавий қилишга қаратилган.
Яна бир муҳим янгилик — метро станциялари олдида автотураргоҳлар ташкил этилиб, «Park & Ride» тизими йўлга қўйилади. Ушбу тизим орқали шахсий автомобилини махсус тураргоҳда қолдирган йўловчилар метро хизматидан қулай фойдаланиши мумкин бўлади.
Бу тизим доирасида автотураргоҳдан фойдаланганларга метро чиптаси учун чегирмалар бериш, шунингдек, автотураргоҳ тўловини метро чиптаси орқали қоплаш механизмларини жорий этиш режалаштирилган. Яъни одамлар машинада шаҳар марказигача кириб бориш ўрнига, автомобилни метро яқинида қолдириб, жамоат транспортида ҳаракатланишга рағбатлантирилади.
Бундан ташқари, хусусий тадбиркорларга метрополитен тоннеллари ва бекатларида аукцион орқали ижара асосида хавфсиз фаолият турлари билан шуғулланишга рухсат берилади. Бу метро ҳудудларида хизмат кўрсатиш турларини кенгайтириш ва қўшимча қулайликлар яратишга хизмат қилиши мумкин.
Қисқаси, Тошкент метроси яқин йилларда фақат транспорт воситаси эмас, балки замонавий, қулай ва кўп функцияли шаҳар инфратузилмасига айланиши кутилмоқда. Йўловчи кўпаяди, бекатлар кенгаяди, интервал қисқаради. Метро “тезда етиб олиш” режимига янада яқинлашмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!