Тошкент дунё шаҳарлари рейтингида нечанчи ўринни эгаллади?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Охфорд Экономикснинг 2026 йилги "Глобал Citiес Индех" рейтингида Тошкент 343-ўринни эгаллади.
- Ўзбекистон пойтахти бир йилда 128 поғона юқорилаб, Марказий Осиё шаҳарлари орасида учинчи натижани қайд этди.
- Рейтингда Тошкент иқтисодиёт ва инсон капитали бўйича юқори кўрсаткичларга эга бўлган бўлса-да, ҳаёт сифати, атроф-муҳит ва бошқарув кўрсаткичлари нисбатан паст баҳоланди.
Oxford Economics ташкилотининг 2026 йилги “Global Cities Index” рейтингида Тошкент 343-ўринни эгаллади. Ўзбекистон пойтахти бир йил ичида 128 поғона юқорилаб, Марказий Осиё шаҳарлари орасида учинчи натижани қайд этди.
Рейтингда дунёдаги 1000 та шаҳар иқтисодиёт, инсон капитали, ҳаёт сифати, атроф-муҳит ва бошқарув каби бешта асосий кўрсаткич бўйича баҳоланган.
Марказий Осиё шаҳарлари орасида энг юқори натижа Қозоғистонга тегишли. Олмаота 265-ўринни, Остона 281-ўринни эгаллаган. Тошкент 343-ўрин билан улардан кейин жойлашган. Бишкек 461-, Ашхобод 668- ва Душанбе 672-ўринни қайд этган.
Тошкентнинг натижаси ўтган йилга нисбатан сезиларли яхшиланган. Пойтахт 2025 йилдаги 471-ўриндан 343-ўринга кўтарилиб, бир йилда 128 поғона юқорилаган.
Шаҳарнинг умумий кўрсаткичига иқтисодиёт ва инсон капитали бўйича натижалар сезиларли ҳисса қўшган. Тошкент иқтисодиёт бўйича 54,7 балл билан 188-ўринни, инсон капитали бўйича эса 61,5 балл билан 108-ўринни эгаллаган. Бу инсон капитали йўналишида Тошкентни дунё шаҳарларининг юқори 20 фоизи қаторига киритган.
Бироқ ҳаёт сифати, атроф-муҳит ва бошқарув кўрсаткичлари нисбатан паст натижа қайд этган. Тошкент ҳаёт сифати бўйича 47,5 балл билан 644-ўринда, атроф-муҳит бўйича 806-ўринда, бошқарув йўналишида эса 825-ўринда қайд этилган.
Ҳаёт сифати кўрсаткичи аҳолининг фаровонлиги ва қониқиши, молиявий аҳволи, саломатлиги ҳамда шаҳар инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини қамраб олади. Бошқарувда эса шаҳар институтларининг барқарорлиги, тартибга солиш сифати ва аҳоли ҳамда бизнес учун яратилган шароитлар баҳоланади.
Oxford Economics Тошкентнинг асосий устунликлари сифатида географик жойлашуви ва малакали ишчи кучини кўрсатган. Шу билан бирга, киши бошига тўғри келадиган ЯИМнинг нисбатан пастлиги, малакали кадрларни юқори даромадли мамлакатларга йўқотиш хавфи ҳамда сув танқислиги асосий муаммолар сифатида қайд этилган.
Тошкент, шунингдек, келгусида тез ўсиши мумкин бўлган “кузатувдаги шаҳарлар” қаторига киритилган.
Умумий рейтингда Нью-Йорк биринчи ўринни эгаллаган. Кейинги поғоналардан Лондон, Париж, Сиэтл ва Сан-Франциско жой олган. Рейтингда юқори натижа қайд этган шаҳарлар асосан кучли иқтисодий салоҳият, малакали аҳоли, ҳаёт сифати ва ривожланган инфратузилма билан ажралиб турган.






























Изоҳлар 0
…