Тошкент метросида аёллар учун алоҳида вагонлар ташкил этилиши мумкин

Тошкент метрополитенида фақат аёл йўловчилар фойдаланиши учун мўлжалланган махсус вагонларни жорий этиш масаласи келажакда кўриб чиқилиши мумкин. Бироқ ҳозирги шароитда йўловчилар сони ва мавжуд техник имкониятлар бундай ташаббусни амалга оширишга имкон бермайди.
"Тошкент метрополитени" АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Юлдош Юсуповнинг таъкидлашича, янги метро йўналишларини барпо этиш ва поездлар паркини кенгайтириш жараёнида аёллар учун алоҳида вагонлар ташкил этиш масаласини ҳам ҳисобга олиш мумкин.
Унинг фикрича, бундай вагонларнинг жорий қилиниши метрода аёлларга нисбатан тегажоғлик ҳолатларини камайтиришга хизмат қилиши мумкин.
Айрим мамлакатларда, жумладан, Ҳиндистон, Миср, БАА, Эрон, Бразилия ва Японияда аёллар учун махсус вагонлар ёки йўловчи ҳудудлари ташкил этилган.
Маълумот учун, Тошкент метрополитенини кенгайтириш режалари ҳам ишлаб чиқилган. Унга кўра, 2030 йилга қадар метро бекатлари сонини 50 тадан 79 тага, йўналишларнинг умумий узунлигини эса 71 километрдан 103 километрга етказиш кўзда тутилган.
Келгусида метро инфратузилмасини ривожлантириш доирасида аёллар учун алоҳида вагонлар ташкил этиш имконияти ҳам инобатга олиниши мумкин.































Изоҳлар 0
…