Тошкент метросида беш вагонли поездлар қачондан қатнай бошлайди?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Тошкент шаҳрида жамоат транспортидаги тирбандликларни камайтириш мақсадида метро поездларини беш вагонли таркибга ўтказиш ва автобуслар қатновини кўпайтириш бўйича янги чоралар белгиланди.
- Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2026 йил 30 октябрдаги қарорига кўра, 20 ноябрга қадар асосий метро йўналишларида поездлар таркиби кенгайтирилади ва ҳаракат оралиғи қисқартирилади.
Тошкент шаҳрида жамоат транспортидаги тирбандлик ва йўловчилар гавжумлигини камайтириш мақсадида янги чоралар белгиланди. Энди метро поездлари беш вагонли қилинади, айрим автобус йўналишларида қатновлар кўпайтирилади, кечки рейслар эса узайтирилиши мумкин. Бу Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2026 йил 30 октябрдаги қарорида белгиланган.
Метро поездлари беш вагондан иборат бўлади
Қарорга мувофиқ, Тошкент метрополитени 20 ноябрга қадар «Чилонзор», «Ўзбекистон», «Юнусобод» ва ер усти ҳалқа йўналишларида поездларни беш вагонли таркибда шакллантириш ҳамда ҳаракат оралиғини қисқартириш чораларини ишлаб чиқиши керак.
Бунда йўловчилар энг кўп тўпланадиган вақтларга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, эрталаб соат 07:30 дан 09:30 гача, кундузи 12:00 дан 14:00 гача ва кечқурун 17:00 дан 19:30 гача бўлган вақтлар тиғиз давр сифатида белгиланган.
Автобуслар оралиғи 3–5 дақиқагача қисқартирилади
Жамоат транспортидаги хизмат сифатини ошириш мақсадида автобуслар қатновини ҳам кўпайтириш режалаштирилган. 15 ноябрдан бошлаб эрталабки ва кечки тиғиз вақтларда асосий йўналишларга қўшимча автобуслар чиқариш чоралари ишлаб чиқилади.
Натижада айрим йўналишларда автобуслар оралиғини 3–5 дақиқагача камайтириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 20 декабрга қадар йўловчилар оқими юқори бўлган 25 та йўналишга катта сиғимли, бўғинли автобуслар жалб этилиши тавсия қилинган. Бунда Учтепа, Миробод, Сергели ва Янгиҳаёт туманларидаги асосий йўналишларга устувор аҳамият берилади.
20 та автобус йўналишида қатновлар тунги соатларгача узайтирилиши мумкин
Қарорда яна бир муҳим янгилик — 20 та автобус йўналишида ҳаракатни соат 23:00 гача давом эттириш масаласи кўриб чиқилган.
Ушбу рўйхатга 1-, 14-, 18-, 21-, 24-, 28-, 38-, 44-, 46-, 51-, 58-, 67-, 72-, 85-, 93-, 98-, 115-, 118-, 131- ва 147-сонли автобус йўналишлари киритилган.
Мазкур йўналишларда кечки вақтда автобуслар оралиғи 15–20 дақиқадан ошмаслиги, ҳаракат жадваллари эса бекатлар ва махсус рақамли иловаларда эълон қилиниши режалаштирилган. Бу имкониятни 1 декабрга қадар ўрганиш топширилган.
Автобус йўлакларида назорат кучайтирилади
1 ноябрдан бошлаб жамоат транспорти учун ажратилган «А» йўлакларида шахсий автомобилларнинг қоидабузарликларига қарши назорат ва рейдлар кучайтирилади.
Шунингдек, 15 декабрга қадар автобусларнинг олд қисмига йўл қоидалари бузилишини автоматик қайд этадиган камералар ўрнатиш ҳамда уларни ЙҲХБнинг ягона ахборот базасига улаш вазифаси белгиланган.
Ҳайдовчилар зиммасига ногиронлиги бўлган йўловчилар учун пандусни очиб бериш мажбурияти ҳам юкланади. Бу талабни бажармаган ҳайдовчиларга нисбатан интизомий чоралар қўлланилиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…