Саратонни тўхтатган дори олимларни ҳайратда қолдирди

Саратонга қарши курашда янги умид пайдо бўлди. The Guardian нашрининг хабар беришича, “Амивантамаб” деб номланган инновацион дори бош ва бўйин саратонининг оғир шаклларига қарши даволашда юқори самарадорлик кўрсатган.
Маълумотларга кўра, ушбу препарат 11 та давлатда ўтказилган кенг кўламли клиник тадқиқотлар давомида синовдан ўтказилган. Тадқиқотда жами 102 нафар бемор иштирок этган бўлиб, уларнинг барчаси аввал кимётерапия ҳамда иммунотерапия муолажаларидан кутилган натижани олмаган оғир ҳолатдаги беморлар ҳисобланади.
Тадқиқот натижалари эса мутахассисларни ҳайратда қолдирди. Иштирокчилардан 15 нафарида ўсмалар тўлиқ йўқолган бўлиб, бу ҳолат тиббиёт оламида “мисли кўрилмаган ютуқ” сифатида баҳоланмоқда.
Қайд этилишича, “Амивантамаб” препарати ҳар уч ҳафтада бир марта тери остига инъексия кўринишида юборилади. Олимлар ҳозирда тадқиқотларни давом эттириб, унинг самарадорлиги ва хавфсизлигини янада кенгроқ клиник босқичларда ўрганишни режалаштирмоқда.
Мутахассислар бу натижани саратон касаллигига қарши курашда янги давр бошланиши сифатида баҳоламоқда ва келажакда ушбу дори кўплаб беморлар учун янги умид бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.





























Изоҳлар 0
…