НАСАнинг янги Ой миссиясида кимлар иштирок этади?

НАСАнинг янги Ой миссиясида кимлар иштирок этади?

АҚШнинг НАСА агентлиги “Артемида-3” Ой миссиясида иштирок этадиган тўрт нафар астронавт номини маълум қилди. Хюстондаги Lydon B. Johnson космик марказида ўтказилган тадбирда америкалик астронавтлар Андре Дуглас, Франк Рубио ва Рэнди Бресник, шунингдек, италиялик Лука Пармитано миссия таркибига киритилгани маълум қилинди.

Аввалроқ Европа космик агентлиги ушбу миссияда иштирок этадиган илк европалик астронавт немис бўлиши мумкинлигини билдирган эди. Бироқ якуний танловда синов учувчиси тажрибасига эга Лука Пармитано афзал кўрилди.

Дастлаб “Артемида-3” доирасида инсонларни Ойга тушириш режалаштирилган эди. Аммо НАСА 2026 йилда миссия концепцияси ўзгарганини маълум қилди. Янги режага кўра, экипаж паст Ер орбитасида қолиб, SpaceX ва Blue Origin компаниялари ишлаб чиқаётган Ой қўниш модуллари билан туташув амалиётларини бажаради.

“Артемида-3” миссияси 2027 йилга режалаштирилган бўлса, НАСАнинг Ойга навбатдаги пилотли қўниши ҳозирча 2028 йилга қолдирилган.

Маълумот учун, жорий йил апрель ойида “Артемида-2” миссияси экипажи Ерга муваффақиятли қайтган ва “Орион” кемаси Ердан 407 минг километр масофагача узоқлашиб, янги рекорд ўрнатган эди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар