17 йил парвоз қилган учувчининг лицензияси сохта чиқди

Канадада авиация соҳасида катта шов-шувга сабаб бўлган ҳолат юзага келди. Air Canada авиакомпаниясининг собиқ капитани Жефри Уолл 17 йил давомида талаб этиладиган учувчилик лицензиясисиз юзлаб рейсларни амалга оширганликда гумон қилиниб ҳибсга олинди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар қилди.
Онтарио провинцияси Пил минтақаси полицияси маълум қилишича, 59 ёшли Уоллга нисбатан тўрт ойлик терговдан сўнг фирибгарлик ва бошқа қатор жиноятлар бўйича айбловлар қўйилган.
Тергов материалларига кўра, у 2009–2025 йиллар давомида сохта учувчилик ҳужжатларидан фойдаланиб, 900 дан ортиқ ички ва халқаро рейсларда иштирок этган. Полиция унинг Air Canada ҳамда авиация назорати органларини ўз малакаси ҳақида чалғитганига оид далилларни аниқлаган.
Маълум бўлишича, Уолл тижорий учувчи лицензиясига эга бўлган, аммо йирик йўловчи самолётларини капитан сифатида бошқариш учун зарур бўлган энг юқори даражадаги лицензияни олмаган.
Собиқ капитанга фирибгарлик, қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиш ва ёлғон маълумот бериш бўйича бир нечта айбловлар илгари сурилган.
Пил полицияси раҳбари Нишан Дураиаппанинг таъкидлашича, ушбу ҳолат авиация хавфсизлиги ва жамоатчилик ишончига доир жиддий саволларни келтириб чиқармоқда.
Шу билан бирга, Air Canada йўловчилар хавфсизлигига путур етмаганини маълум қилди. Компанияга кўра, барча учувчилар мунтазам малака синовларидан ўтади ва Уолл ҳам барча амалий текширувларни муваффақиятли топширган.
Авиакомпания мазкур ҳолат маълум бўлиши билан учувчини дарҳол парвозлардан четлатгани ва бу ҳақда Канада транспорт идораларига хабар берганини билдирди.





























Изоҳлар 0
…