Кешбэк пуллари нега кечикмоқда? Солиқ қўмитаси изоҳ берди

Кешбэк пуллари нега кечикмоқда? Солиқ қўмитаси изоҳ берди

Солиқ қўмитаси фуқаролар орасида кўп муҳокама қилинаётган кешбэк тўловларининг кечикиши сабабларига ойдинлик киритди. Бу ҳақда жорий йилнинг 8 июн куни блогерлик фаолиятида солиқ маъмуриятчилиги мавзусига бағишланган онлайн мулоқот давомида маълум қилинди.

Солиқ қўмитасининг Умумбелгиланган солиқ маъмурчилиги бошқармаси давлат солиқ бош инспектори Алишер Отажоновнинг таъкидлашича, кешбэк маблағлари ўз вақтида тушмаган ҳолатларда фуқаролар 1198 қисқа рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин. Унинг айтишича, мурожаат келиб тушганидан сўнг солиқ органлари мутахассислари чек ҳолатини ўрганиб чиқади ва тўловнинг кечикишига нима сабаб бўлганини аниқлайди.

Иқтисодий таҳлил ва яширин иқтисодиёт мониторинги бошқармаси давлат солиқ бош инспектори Камола Аҳмеджонованинг маълум қилишича, кешбэк маблағлари кечикишининг асосий сабабларидан бири харид амалга оширилган юридик шахс томонидан солиқ ҳисоботи ҳали тақдим этилмагани бўлиши мумкин.

Шунингдек, яна бир эҳтимолий сабаб сифатида мазкур юридик шахснинг солиқ органлари олдида мавжуд қарздорлиги кўрсатилган. Мутахассиснинг қайд этишича, айнан шундай ҳолатларда фуқароларга тегишли пул маблағларини ўтказиб бериш жараёни маълум муддатга кечикиши мумкин.

Солиқ қўмитаси вакиллари фуқароларни бундай ҳолатларда хавотирга тушмасдан, масъул хизматлар билан боғланиб, чек ҳолати юзасидан маълумот олишга чақирди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар